Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сенатор Робахон Маҳмудова номзодини Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига илгари сурди. Бу ҳақда «Газета.uz» Олий Мажлис Сенатидаги манбасига таянган ҳолда хабар беради.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозими мана олти йилдан бери , яъни 2014 йил 29 августдан бўш эди. Ўшанда бу лавозимда ишлаган Шоюнус Ғозиев Олий суд раиси лавозимига кўтарилганди. Энди Робахон Маҳмудова номзодини Сенат кўриб чиқади. Бу ҳақда «Даракчи» нашри ҳам ёзади.
Робахон Маҳмудова 1968 йили Фарғона вилоятида туғилган. У 2008 йилгача Олий судда судья бўлиб ишлаган, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг раиси бўлган, 2017−2020 йиллари Ўзбекистон Республикаси президентининг Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири лавозимида фаолият кўрсатган.
2020 йил январида Маҳмудова сенатор этиб сайланди, Сенатнинг Фан, маориф ва соғлиқни сақлаш қўмитасининг раиси вазифасини бошқарди. Маҳмудова «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени билан тақдирланган.