Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида барпо этилган карантин лагеридаги одамлар ёппасига уйларига жўнатилмоқда. Маҳаллий аҳоли хабарларига кўра, ҳар куни одамларга тўла автобуслар колоннаси лагерни тарк этмоқда. Бу хабарни карантин зонасидаги колл-маркази ҳам тасдиқлади.
Одамларнинг ёппасига олиб кетилаётгани сабаби номаълум. Айрим таҳминларга кўра, лагерни ўзбек-қозоқ чегарасида тўпланиб қолган одамларни жойлаштириш учун тайёрлашмоқда. Бошқа таҳминга кўра, карантинда бўлиш муддатини ўтаган одамлар олиб чиқилмоқда, зеро энди бу муддат 14 кундан 10 кунгача қисқартирилган.
Биринчи таҳминнинг ҳақиқатга яқинроқ эканини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг «Жибек Жоли» — «Ғишт Кўприк» чегара назорат пунктлари ишга тушгани ва мамлакатга 3746 нафар ўзбекистонлик қайтиб келгани тўғрисидаги хабари тасдиқлайди. Уларнинг барчаси икки ҳафталик карантин назоратига олинади.
Бундан олдин лагердаги бир неча блок одамларининг тўполон кўтаргани маълум бўлди. Одамларнинг норозилигига бу ерда вада қилинган 14 кун ўрнига 20-30 кунлаб ушлаб туришлари сабаб бўлган. Гап шундаки, ҳар бир карантин контейнерига тўрттадан одам жойлаштирилади ва уларнинг бирортасида коронавирус топилгудек бўлса, қолганлари яна икки ҳафтага қолдирилади. «Озодлик» радиосига кўра, биргина 23-блокда 9 июль куни 35 кишида коронавирус борлиги қайд этилган. Ҳар бир блокда 500 нафар одам жойлаштирилиши ҳисобга олинса, уларнинг салкам «учдан бири» Ўртасаройда кўпроқ қолишига тўғри келади.
Бундан ташқари, айрим норозилик билдирган одамларнинг айтишича, уларни кейинги кунлари боқишмаган, болалари оч қолган. Одамлар марказий дарвозага йиғилиб, қўйиб юборишларини сўраганлар, лекин лагерь маъмурияти жавоб бермаган.
«Фарғона» таҳририятининг ўша ердаги одамлардан олган маълумотига кўра, 15-чи ва 23-чи блок одамлари уйларига жўнатилган.
Бундан бир неча кун олдин ҳукумат ушбу лагерга эпидемиологик вазият барқарор бўлмаган мамлакатлардан келтирилган ўзбекистонликларни жойлаштиришга қарор қилганди. Қолган одамлар врачлар назоратида уйларида карантин муддатини ўтайдилар. Коронавирусни юқтириб олган одамларга нисбатан ҳам шундай чора қўлланилади.
«Ўртасарой» карантин зонаси 55 гектар майдонда қад кўтарди. Лагерь 24 блок ва 3500 га яқин тўрт ўринли контейнерлардан иборат. Расмий маълумотларга кўра, лагерга 20 мингга яқин одамни жойлаштириш мумкин.