13 июлдан Ўзбекистон ичида авиа ва темир йўл қатновлари тўхтатилади. Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг раҳбари Навруз Аширматов Тошкентда бўлиб ўтган брифингда шу ҳақда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 10 июлдан 1 августга қадар Ўзбекистонда карантин кучайтирилган пайтда фақат четдаги ватандошларни келтириш учун жадвалга биноан чартер рейслари амалга оширилади. Поезд ва автобуслар чегара ҳудудларидан фуқароларни карантин зоналарига элтиш, ҳамда карантинга олинган одамларни шифохоналарга етказиш учун ҳаракатланади. Аширматовга кўра, 10 июлдан 1 августга қадар поездлар учун 5900 дона чипта сотилган. Карантин кучайтирилиши муносабати билан тўхтатиб қўйилган поездларга чипталар олган фуқароларга чиптанинг тўлиқ нархи қайтарилади, дея Транспорт вазирлиги вакилининг сўзларини келтиради Kun.uz нашри.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси мазкур муддатга Тошкент-Нукус, Тошкент-Урганч ва Тошкент-Термиз йўналишлари бўйича 330 та чипта сотган. Ушбу чипталар йил давомида амал қилади ва вазият яхшиланиши билан йўловчилар ундан фойдаланиши мумкин.
1 дан 10 августагача «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси июлда ишлатилмай қолган йўл кира карталари ва жетон пулларини эгаларига қайтаради.
10 июлдан республиканинг барча ҳудудлари «қизил» зонага киритилди, яъни мамлакат бўйлаб қаттиқ карантин ўрнатилади. Хориж мамлакатларидан ўзбекистонликларни ватанга олиб келаётган чартер рейслари икки баробарга қисқартирилди. Бутун мамлакат бўйлаб жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилди. Шахсий автомобилда соат 07:00 дан 10:00 гача ва соат 17:00 дан 20:00 гача ҳаракатланиш мумкин. Одамларнинг фақат озиқ-овқат, дори-дармон олишларига, шунингдек врачларга учрашиш учун ташқарига чиқишларига рухсат берилади. Таксилардаги ўриндиқлар ҳарир пленкалар билан ўралгандагина унда йўловчиларни ташишга рухсат берилади. Ҳайдовчи ва йўловчилар ниқобда бўлишлари шарт, машинанинг орқа ўриндиғида иккитагина одамни ташишга рухсат берилади.
10 июлдан 1 августга қадар тўйлар ва оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади, бозорлар, йирик дўконлар, қаҳвахона ва ресторанлар, истироҳат боғлари, болалар боғчалари ва санаторийлар ёпилади, ходимлар масофадан туриб ишлашга ўтказилади.
Бу муддат ичида буюм бозорлари, йирик магазинлар, кафе ва ресторанлар, ҳиёбонлар ёпилади. Белгиланган муддат ичида спорт заллари, фитнес марказлари, бассейнлар ишламайди, 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланади. Коронавирус юқтириб олган беморларга ахборот кўмаги тақдим этиш ҳамда уларнинг ҳолатини аниқлаб ўрганиш учун Call-марказ 1005 ташкил этилди
10 июль эрталабки ҳолатга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 11 723 нафарга етган, жами 7287 та одам ушбу вирусдан тузалиб кетган ва 52 та одам ўлган.