Тошкентда карантин чоралари кучайтирилган 10 июль кунидан бошлаб коронавирус юқтириб олган беморларга ахборот кўмаги тақдим этиш ҳамда уларнинг ҳолатини аниқлаб ўрганиш учун Call-марказ 1005 ташкил этилди, дея хабар берилади пойтахт ҳокимлиги сайтида.
Лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Call-маркази уй ва шифохона шароитида COVID-19 касаллигидан даволанаётган ва уй карантинига олинган юртдошларимиз, уларнинг яқинлари ва оила аъзоларига тезкор ва аниқ ахборот кўмагини бериш ҳамда улар билан ахборот алмашинишга қаратилган.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон пойтахти аҳолисига мурожаат қилиб, локдаун пайтида максимал даражада онлайн-хизматлардан фойдаланишга чақирди. У 1105 сервис хизмати “уй шароитида COVID-19 касаллигидан даволанаётган ва карантинга олинган беморларга тиббий маслаҳатлар ва ахборот тақдим этишга йўналтирилгани” ҳақида аниқлик киритган.
“Бошқа тоифага кирувчи фуқаролар, яъни ўзида бошқа касаллик аломатларини сезаётган, коронавирус инфекциясига чалинганликда шубҳада бўлган юртдошларимиз 1003 қисқа рақамига, турар жойлари бўйича тиббиёт муассасаларига, оилавий поликлиникага мурожаат қилишлари сўралади”, — дейилади ҳокимлик хабарномасида. Жаҳонгир Ортиқхўжаев уйда даволанаётган ва карантинга олинган беморларнинг уйларига етиб бориш учун тиббиёт ходимларининг мобил гуруҳлари ташкил этилади, дея ваъда қилди.
Тошкентда сўнгги ўн кун давомида бутун мамлакатдаги каби касалланиш даражасининг кескин ўсиб кетиши кузатилди. Аввал кунига 30-40 инфекция юқтириб олиш ҳолатлари қайд этилган бўлса, энди кунига 150-200 тадан янги беморлар қўшиляпти. Расмийлар Ўзбекистонда май ойида жорий этилган ҳудудларни коронавирус хавфига қараб қизил-яшил тоифларга ажратиш самара бермаганини тан олдилар ва шу боис 10 июлдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб карантин чораларини кучайтиришга қарор қилдилар.
Мамлакатда автотранспорт ҳаракатига қатъий чекловлар киритилди, тўйлар ва оммавий тадбирлар тақиқланди, буюм бозорлари, йирик дўконлар, қаҳвахона ва ресторанлар, истироҳат боғлари, болалар боғчалари ва санаторийлар ёпиб қўйилди. Ишчи-ходимларни имкониятга қараб масофадан туриб ишлаш тартибига ўтказилиши тўғрисида кўрсатма берилди.
9 июль куни коронавирусга чалинишнинг 472 та ҳолати қайд этилди, зарарланишнинг умумий сони 11 564 тага етди. Бир куннинг ўзида COVID-19 инфекцияси туфайли олтита бемор вафот этгани қайд этилди, ўлганларнинг сони 51 тага етди.