Фирибгарликда айбланган Мустақил ОАВ қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг собиқ раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов эркинликка чиқди. Бу ҳақда Юсуповнинг қариндошлари ва адвокатига таянган ҳолда BBC хабар қилади.
Юсупов устидан ўтказилган ёпиқ суд 2019 йил октябрь ойида бўлиб ўтган. Айбланувчи олти йилга (бошқа манбага кўра — олти ярим йилга) қамоқ жазосига маҳкум этилган. Етказилган зарар қопланганидан кейин маҳбус ноябрь-декабрь ойларида озод этилиши керак эди, лекин жиноят ишининг янги эпизодлари бўйича журналист панжара ортида жазо ўташни давом эттиради.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди 8 июлда жиноят ишини тўхтатди ва Юсуповни зуд залидан озодликка чиқарди. Айбланувчининг адвокати Арслон Шоймардонов мижозининг етказилган зарарларни қоплаганини маълум қилди. Юрист зарарнинг миқдорини айтмади, «кўп эмас» деган сўзлар билан кифояланди холос.
Ҳимоячининг сўзларига кўра, ўтган йил май ойидан Юсупов Давлат хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида сақланган. Шу билан бирга маҳбус икки ҳафта Тоштурмада ўтирган, уни бир неча бор даволанишга юборишган.
Маҳбуснинг адвокати ва қариндошлари ҳисб пайтида Юсуповга нисбатан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан руҳий ва жисмоний босимлар ўтказилганини таъкидлайдилар. Лекин Бош прокуратура томонидан олиб борилган текширувлар айбланувчида қийноқ асоратларини топмаган. Юсупов 2019 йил 10 май куни ҳибсга олинган, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-(«Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш»), 168-(«Фирибгарлик»), 211-(«Пора бериш») ва 28-(«Жиноят иштирокчиларининг турлари») моддалари бўйича айблар қўйилган. Тергов версиясига кўра, фонднинг собиқ раҳбари ўзини ДХХ ходими қилиб кўрсатиб, фирибгарлик йўли билан одамлардан катта миқдорда пора ундирган.
Фигурант ҳибсга олингандан кейин акасининг Facebookдаги саҳифасида Саид-Абдулазиз Юсуповнинг видеомурожаати эълон қилинди ва унда «агар ушбу видео интернетдан жой олган экан, демак мурожаат соҳиби ё ҳибсга олинган, ёки мамлакат ташқарисида, ёки бўлмасам бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган» деган сўзлар айтилган.