Мирзиёев қизил ва яшил ҳудудлар тизими кутилган натижани бермаганини қайд этиб ўтди

Шавкат Мирзиеев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда май ойининг бошида ҳудудларнинг коронавирусга хавфлилиги бўйича қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратиш чораси кутилган самарани бермади, аҳоли эса профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларга нисбатан борган сари беписанд бўлиб бормоқда. Бу ҳақда республика президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида билдириб ўтди.

“Тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда. Жойларда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудуд тамойили тўлиқ ишламаяпти. Биз бу борада аҳволни ўзгартириш учун аввало жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак”, — дея қайд этиб ўтди президент.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг топшириғига биноан коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус комиссияси босқичма-босқич локдаундан чиқиш доирасида шаҳар ва туманларнинг карантин даражалари янги касалларнинг аниқланишига қараб “ранги” ўзгариб борган. Энди бўлса республика комиссиясига вилоятлар раҳбарлари билан биргаликда ўзларига бириктириб қўйилган ҳар бир ҳудудда карантин талабларининг белгиланган чекловларига риоя қилиш устидан назорат ўрнатиш вазифаси топширилган.

“Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт. Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак”, — дея билдирди Мирзиёев.

Президент карантинни қайтарилишини мажбурий чора, акс ҳолда мазкур касаллик бўйича беморлар ва ўлимлар сони кескин даражада кўпайиб кетишини айтди. “Агар инфекцияга чалинганларнинг сони ўсиши давом этса, бизнинг марказдаги ва вилоятдаги касалхоналаримиз бунчалик кўп касалларни қабул қилишга тайёр эмас”, — деди президент, шунингдек “лекин билиб қўйинг: бизнинг захираларимиз бор” дея қўшиб қўйди.

Июль ойининг биринчи ҳафтасида касаллак юқтириб олганларнинг сони 2167 тага кўпайди. Улардан 1267 таси (58%) аҳоли орасида аниқланган. Бу карантин даври бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб қолмоқда. Ўлим ҳолатлари ҳам кўпаймоқда (Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясидан шу чоққача 45 киши вафот этди). 8 июль кечги пайтга бориб коронавирусдан зарарланганлар сони 11092 кишига етди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чоралари янгидан кучайтирилмоқда. Шу давр мобайнида автотранспорт ҳаракатларига чекловлар ўрнатилади, тўйлар ва оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади, бозорлар, йирик дўконлар, қаҳвахона ва ресторанлар, истироҳат боғлари, болалар боғчалари ва санаторийлар ёпилади, ходимлар масофадан туриб ишлашга ўтказилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ