Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан бир йўли – кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратиш эканлигини айтиб, 69 мингта тадбиркорнинг фаолиятини жонлантириш бўйича топшириқ берди.
Жойлардаги раҳбарлар тўққиз ой якуни бўйича корхоналарни камида 70 фоизини, йил якунига қадар барчасини тўлиқ қувват билан ишлашига масъул ва жавобгардир. Республика миқёсидаги мутасаддиларга ҳудудларга бориб тушуми камайган корхоналар билан тизимли ишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.
Президент масъул раҳбарларга 2019 йилда рўйхатдан ўтган, аммо бугунги кунда фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилиши ҳамда тез фурсатларда уларни ишга тушириш чораларини кўриш вазифасини топширди. Бундай тадбиркорларнинг республикадаги сони 23 мингта ёки ўтган йили рўйхатдан ўтганларнинг 24% ташкил этади.
Бундан ташқари, тадбиркорлар карантин қоидаларига амал қилишда санитария ва ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан тушунарсиз ва бир-бирига зид талабларга дуч келмоқда. Шу боис, тадбиркорларнинг мурожаатлари ва таклифлари асосида жорий тартибларни қайта кўриб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тушунарли шаклда аҳолига етказиш топшириғи берилди. Мирзиёев шунингдек, амалдаги процедураларни қайта кўриб чиқишни ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ишлаш тартибини аниқ ва равшан тушунтириб беришни талаб қилди.
Кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимида тадбиркорни махсус курсларда ўқитиш, субъектни рўйхатдан ўтказиш, асбоб-ускуна сотиб олиш харажатларининг бир қисмига грант ажратиш назарда тутилади.
Давлат солиқ қўмитасига янги вазифа, яъни, “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилди. Шунингдек, 1 июлдан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Ушбу янгилик орқали жорий йилнинг биргина учинчи чорагида тадбиркорларга 700 миллиард сўмни ($69 млн) айланма маблағ сифатида ўзида қолдириш имконияти яратилмоқда.
Ўзбекистон расмийлари карантин даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаш чораларини эълон қилганди. Мисол учун, 2020 йилнинг 1 июндан 1 сентябрга қадар кичик бизнес субъектлари, бозорлар ва савдо мажмуалари, кинотеатрлар, қаҳвахона ва қатор корхоналар мол-мулк ва ер солиғидан озод этилдилар.
Шу билан бирга, локдаун тугаши билан фаолияти қайта янгиланган компаниялар эгаларига қўл остида ишлаб, COVID-19 инфекциясини юқтириб олган ходимларини ҳамда бу корхоналарга ташриф буюрган пайтда касалликни юқтириб олган одамларни ўз ҳисобидан даволаш мажбурияти юкланди. Бу ўз навбатида ўзбекистонликларнинг норозилигини келтириб чиқарди, улар давлат ўз зиммасига юкланган мажбуриятларнинг бир қисмидан бўйин товлаяпти, деган хулосага келдилар.