Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳи 15 йил ичида биринчи бор мажлисини ўтказди

Ишчи гуруҳининг видеоконференцияси . Mift.uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) кириши бўйича Ишчи гуруҳи 7 июль куни тўртинчи мажлисини ўтказди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабарига кўра, COVID-19 пандемияси туфайли мажлис видеоконференция шаклида ўтказилган. Ишчи гуруҳининг аввалги- учинчи мажлиси 2005 йили бўлиб ўтганди ва ундан сўнг тўхтаганди.

Тўртинчи мажлисда мамлакат делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилик қилди. Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши нуқтаи назаридан Республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида маърузаси тақдим этилди. Ушбу жараённинг қайта тикланиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганлиги ва мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизимига қўшилиши орқали ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

«Йиғилиш якунида жорий йилнинг 20 июлидан 31 июлига қадар товар ва хизматларининг бозорга киришини таъминлаш масалалари бўйича икки томонлама музокаралар ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, ЖСТга кириш бўйича музокараларнинг кейинги босқичига ўтиш, хусусан, Ўзбекистон Ташкилотга кириши бўйича Ишчи гуруҳ Маърузасининг асоси ҳисобланган Фактологик хулосани тайёрлаш тўғрисида келишувга эришилди», – дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон ЖСТга киришга 1994 йили ариза берган ва учта ишчи гуруҳи мажлисида иштирок этган. Ушбу жараён 2005 йили — Андижон воқеаларидан сўнг тўхтаб қолганди. Лекин шунга қарамасдан республика ҳукумати ташкилот талаблари доирасида ўз қонунчилигини мувофиқлаштириб борди ва 2017 йили мазкур ташкилотга аъзолик борасида ишлар жонланди.

Ўтган йил июль ойида Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили Улуғбек Лапасов ЖСТ бош директори Роберто Азаведога республика ташқи савдоси режими меморандумини топширди ва бу воқелик мамлакатнинг ушбу халқаро ташкилотга аъзо бўлишига доир расман жараённинг бошланганини англатади.

ЖСТ — глобал халқаро ташкилот бўлиб, давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларини мувофиқлаштириб боради. Унинг шартномалари асосини аъзо давлатларнинг савдо қоидаларига амал қилишни кафолатлаши омили ташкил этади. ЖСТга аъзо бўлишлик — чет эл ҳамкорлар учун савдо тўсиқларининг бартараф этилишига имкон беради ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг протекционизмдан (ички бозорни импортдан ҳимоя қилиш сиёсати) воз кечишини талаб этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ