Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар буюм бозорлари, йирик магазинлар, кафе ва ресторанлар, ҳиёбонлар ёпилади. Бундан ташқари, ҳар қандай маданий-кўнгилочар тадбирлар, тўй ва оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланади, транспорт ҳаракати чекланади. Республика коронавирусга қарши кураш махсус комиссияси COVID-19 га чалинганларнинг сони ортиб бораётгани туфайли мана шундай қарорга келган.
Белгиланган муддат ичида спорт заллари, фитнес марказлари, бассейнлар, ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар; санаториялар, пансионат ва болалар дам олиш масканлари ўз ишни тўхтатади.
65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланади.
Ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланади (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно). Халқаро рейсларни амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг коронавирусга доир тест топшириши мажбурий деб белгиланган. Халқаро рейсларнинг сони икки баробарга қисқартирилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилиши, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланади.
Шу билан биргаликда саноат ва йирик қурилиш объектлари фаолиятини давом эттиришига қуйидаги шартлар асосида рухсат берилган: тегишли объектлар ҳудуди тўлиқ карантинга олинади, объектлар ҳудудида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилиши таъминланади, санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан биргаликда тегишли объектларда санитария-гигиена тадбирлари амалга ошириб борилади, объектларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар, дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланади.
COVID-19 эпидемияси туфайли Ўзбекистонда карантин 16 мартда жорий этилди. Кейинчалик ҳукумат бир неча бор карантин муддатини узайтирди. Бутун республика учта хавфсизлик зонасига бўлинган, уларда турлича чекловлар жорий этилган.
Сўнгги ҳафтада мамлакатда коронавируснинг кескин кўпайиб кетгани қайд этилмоқда. 6 июль куни антирекорд ўрнатилди – бир кунда 342 та одамда вирус борлиги аниқланди. Ҳозирги пайтда келиб республикада жами 10 838 нафар одам коронавирусга чалинган, 6811 та бемор тузалиб кетган, 41 та одам ушбу вирусдан ўлган.