Тошкент ҳокимлиги Ғофур Ғулом истироҳат боғи қурувчиларга бериб юборилгани тўғрисидаги миш-мишларга раддия берди

Ғофур Ғулом истироҳат боғи. Tourister.ru сайти фотосурати

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган Ғофур Ғулом истироҳат боғининг ўрнида ҳеч қандай турар жой мавзелари ёки бизнес марказлари қурилмайди. Хорижий инвестор ўз зиммасига олган мажбуриятларга мувофиқ унинг мақомини сақлаб қолган ҳолда модернизациялаштиради, дея маълум қилади пойтахт ҳокимлигининг матбуот хизмати.

Боғ Сингапурнинг BMP Smart Decision компаниясига 49 йил муддатга берилди, шу вақт мобайнида ҳудуд жаҳон стандартларига жавоб берадиган дам олиш жойига айланади. Инвестор эски, 80-йилларда ўрнатилган эски аттракционларни янгиларига алмаштиришни, шунингдек, боғнинг яшил ҳудудини, боғда ўсаётган Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси хатловидан ўтказилган дарахтларга қўшимча равишда, янги дарахтлар билан тўлдириш ҳисобига кенгайтириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Реконструкциядан кейин боққа кириш аввалгидай бепуллигича қолади, дея ишонтирдилар ҳокимиятдагилар. Мансабдор шахсларнинг айтишича, энг яқин кунлар ичида хорижий фирма вакиллари билан учрашув ташкил этилиб, унда жамоатчиликка лойиҳанинг тафсилотлари тақдим этилади.

Шундай қилиб, пойтахт расмийлари ижтимоий тармоқларда тарқаб кетган истироҳат боғи ўрнида кўп қаватли уйлар қад кўтариши тўғрисидаги хабарларга раддия бердилар. Хусусан, “Чилонзор” ҳамжамиятининг иштирокчиларидан бири бўлган бир аёлнинг ёзишича, айни пайтда ёпиб қўйилган истироҳат боғининг дарвозаси олдида замонавий турар жой мажмуасининг қурилиши режалаштирилаётганини кўрсатувчи баннер ўрнатиб қўйилган.

Ғофур Ғулом истироҳат боғини Сингапурдаги компанияга бериш тўғрисидаги қарор ўтган йили қабул қилинган эди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорида қайд этиб ўтилган. Унда инвестицияларнинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этиши кўрсатиб ўтилган.

Тошкентда сўнгги бир неча йиллардан бери давом этаётган ёппасига қурилишлар расмийлар билан жамоатчилик ўртасидаги можаролар билан бирга чирмашиб кетган. Мисол учун, ўтган йилнинг охирида тошкентликлар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “ташландиқ” “ГУлшан” истироҳат боғининг ҳудудида давлат клиникасини қуриш бўйича режаларига қарши чиққандилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ