Тожикистон шарқида содир бўлган зилзила ўнлаб уйларни вайрон этди

Тожикобод туманидаги вайрон бўлган уй . Ozodi.org сайти фотосурати

Тожикистоннинг шарқида, Тожикобод туманида 5 балл магнитудали зилзила тош кўчишини келтириб, уйларни вайрон этди, дея хабар беради “Озоди”.

Тожикистон Фанлар академияси Геофизик хизмати вакиллари айтиб беришича, зилзила 4 июль куни маҳаллий вақт билан соат 14:34 да содир бўлган. Ер ости силкинишининг магнитудаси Гарм посёлкасидан 195 километр шарқроқда жойлашган зилзила марказида 5 баллни ташкил этган; Душанбеда эса 3 балл бўлган.

Тожикобод тумани ҳокимлигида маълум қилишича, зилзиладан Ширинчашма жамоасига қарашли тўртта қишлоқ ҳаммасидан кўпроқ жабрланган. Avesta нашрининг маълумотига кўра, Нушор жамоасининг Дараи Нушор қишлоғи, Ширинчашма жамоасининг Ширинчашма, Сари Най ва Себистон қишлоқлари ҳамда Қалъаи лаби об жамоасининг Ғанишоб ва Сафедоб қишлоқлари талафот кўрган.

Вайрон бўлган қишлоқларидан бирида яшовчи Зафарнинг билдиришича, 200 га яқин уйлар шикастланган. “Кўплаб уйлар авария ҳолатига келиб қолган. Деворларда ёриқлар кўриниб турибди, улар ҳар сонияда қулаб тушиши мумкин. Бунақанги уйларда яшаш хавфли”, — дейди у.

Бироқ мансабдор шахслар ёрдамга муҳтож оилаларнинг сони анча камроқ, деган хулосага келдилар. Жабрланганларнинг расмий рўйхатида 59 та уй бўлиб, улардан 10-12 таси қисман вайрон бўлган. Бошқа уйлар ва ижтимоий муассасалар биноларининг деворларида улкан ёриқлар пайдо бўлган, дейди Ширинчашма қишлоқ советининг раиси Муса Мазоқов. Сайт деворлари ёрилиб кетган ўндан зиёд уйларнинг фотосуратларини чоп этган.

Тожикобод тумани расмийлари зилзиладан талафот кўрган аҳолига келтирилган зарар миқдори туман фавқулодда вазиятлар бўйича комиссия томонидан аниқланиши билан ёрдам кўрсатилади дея ваъда қилмоқдалар.

Тожикистон сейсмик жиҳатдан хавфли зонада жойлашган. Сейсмологлар маълумотига кўра, мамлакатда ҳар йили 600 атрофида зилзилалар содир бўлиб туради, бу Марказий Осиёдаги сейсмик фаолликнинг тахминан 80 фоизини ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ