Zara, Bershka, Massimo Dutti бредларининг эгаси бўлмиш Испаниянинг Inditex корпорацияси ўзбек пахтасидан тўқилган тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олиш таклифини кўриб чиқади. Бу борада Европанинг энг йирик компанияси вакиллари ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ўртасида келишув имзоланди, деб хабар беради ўзбек томони.
Музокаралар видеоконференция шаклида бўлиб ўтди ва у Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси томонидан уюштирилган. Ҳамкорликнинг асосий мезонлари сифатида маҳсулот дизайни, халқаро стандартлар талабига тўла жавоб берувчи сифати, етказиб бериш муддатларига қатъий риоя қилиниши ва нарх рақобати эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг барқарорлиги ва халқаро стандартларга мувофиқлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, Inditex ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши учун Ўзбекистоннинг GSP+ тизимига (Еврора Иттифоқи мамлакатларига етказилаётган маълум товарлар учун божхона солиқларини бекор қилиш тизими) аъзо бўлиши мақсадга мувофиқ эканига урғу берди. Бундай тизимдан фойдаланиш учун мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари, меҳнат стандартлари, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва бошқа 30 га яқин халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаши талаб этилади. Ўзбекистон ЕИ билан мана бир неча йилдан бери GSP+ га аъзо бўлиш борасида музокаралар олиб боради. 2020 йили ўзбек расмийлари йил сўнггига қадар ушбу тизимга боғланишларини таъкидилар.
Музокарада Ўзбекистон йирик пахта етиштирувчи мамлакат бўлсада, бироқ мамлакатни тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказиб берувчи сифатида кўриб чиқилиши кераклиги таъкидланди. Чунки республикада етиштирилаётган пахта хом ашёси тўлиқ қайта ишланмоқда.
2006 йили Cotton Campaign халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти пахта далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани боис Uzbek Cotton Pledge акциясини бошлади. Ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан бойкотни 300 дан ортиқ компания ва савдо маркалари, жумладан Inditex ва унинг машҳур брендлари ҳам қўллаб-қувватлаганди. Улар Ўзбекистонда одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш бартараф этилмагунига қадар ўзбек пахтасини сотиб олмасликка қарор қилгандилар.
Ўзбек ҳукумати бойкот бекор қилиниши учун мунтазам ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро экспертлар билан учрашувлар ташкил қилади. Лекин Cotton Campaign фикрига кўра, санкцияларни бекор қилишга ҳали эрта. Коалиция мажбурий меҳнатни бартараф этиш учун ўзбек ҳукумати кўп ишларни амалга оширганини тан олади, лекин ишлар охирига етказилмаган. Ассоциациялар эркинлигининг чекланиши фаолларнинг пахта терувчилар ҳуқуқлари борасида мониторинг олиб боришига имкон бермайди.
Маълумки, «InditexS.A.” халқаро кийим дўконлари тармоғига эга. Бугунги кунда корпорация 88 мамлакатда Zara, Oysho, Massimo Dutti, Bershka, Pull and Bear, Zara Home, Stradivarius, Tempe, Lefties ва Uterque брендлари остида 7000 га яқин дўконларни бирлаштирган. 2019 йил ҳисобига кўра, корпорациянинг капитализацияси 90 млрд еврони ташкил этган. Унинг асосчиси ва асосий бенефициари Амансио Ортега $55 млрд маблағга эга ва Forbes журналига кўра, дунё бадавлат инсонлари орасида олтинчи ўринни эгаллайди.