Мирзиёев давлат органларига хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриш ташаббуси билан чиқишни тақиқлаб қўйди

Шавкат Мирзиёев . Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик ва буни қонунда мустаҳкамлашга чақирди. Ушбу баёнот 30 июнь куни ўтган йиғилишда берилди.

Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур, дея таъкидлади президент. Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ушбу талабларга қатъий амал қилинишини таъминлаши шартлиги қайд этилди.

“Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқларининг суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарур, дея қайд этиб ўтди президент. Сўнгги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1 минг 730 та қарори бекор қилинган.

Суд орқали ер муносабатлари билан боғлиқ мингта, уй-жой бузилишига доир 51 та, хусусийлаштиришга оид 62 та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Хусусий мулк ҳимояси ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўришни тақиқловчи қонун Ислом Каримов давридан бери бор, унда хусусий мулкка эгаликнинг муддати чекланмагани, шу сабабли хусусий мулк эгасига мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва тассаруф муддати белгилашга йўл қўйилмаслиги кўзда тутилган. Шунга қарамай, ҳокимларнинг тадбиркорлардан мулкни тортиб олишга уринишлари ҳозирги кунгача учраб турибди.

2019 йилда бўлиб ўтган жанжаллар натижасида республикада бино ва иншоотларни бузиш, ер участкаларини мусодара қилишнинг янги механизми жорий этилган, унга кўра, бузиш тўғрисидаги қарорни фақат республика бош вазири қабул қилади.

2020 йил бошланганидан бери мамлакатда умумий қиймати 348 миллиард сўмга тенг (24,4 миллион АҚШ доллари) 300 га яқин давлат активлари сотилди. Янги инвесторлар бу объектларга умумий қиймати 3,3 триллион сўм (325 миллион доллардан зиёд) сармоя киритдилар ҳамда 4,7 мингта иш ўринларини яратишга ваъда қилдилар. Мирзиёев май ойида 1400 га яқин давлат активларини хусусийлаштириш, 500 дан зиёд бозорларни хусусий секторга беришни тезлаштириш бўйича топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ