Ўзбекистон товар-хомашё биржаси (ЎзРТХБ) 29 июлдан ҳар бир цемент сотиб олувчига кунига 114 тоннадан лимит жорий этди. Бундай чора республика ҳукумати топшириғига биноан қабул қилинди, деб хабар қилади биржа ходимлари «Газете.uz»нашрига.
Ўзбекистон ҳукумати 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қурилиш материаллари импортига чеклов қўйганидан кейин цемент борасида ажиоатаж пайдо бўлганидан сўнг лимит чораси жорий этилган. Бунга COVID-19 пандемияси туфайли кўпгина қурилиш объектларида ишлар тўхтаб қолгани ва цемент маҳсулотларига нисбатан талаб кескин пасайиб кетгани сабаб қилиб қўрсатилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун шундай чора қабул қилинган.
Лекин апрель ойида кўпгина йирик қурилиш майдонларида ишлар жонланди, қурилиш материаллари бозорлари очилди. Цементга нисбатан талаб анчагина ортди. ЎзРТХБга кўра, цемент атрофидаги ажиотажнинг пайдо бўлишига цемент ишлаб чиқариб-сотувчиларнинг таклифи 25 фоизга камайгани, ўтган йил шу даврга қараганда цемент импортининг уч баробарга пайсайгани сабаб бўлган. 23 майдан ҳукумат цемент импортига чекловларни бекор қилди.
Июнь охирига келиб цемент нархи кўтарилди. «Агар апрель ойида бир тонна цемент нархи 510 минг сўм бўлган бўлса, 26 июнда бу нарх 792 мингга етиб борди. Умуман олганда цемент нархи 64 фоизга ортди— дейди ЎзРТХБ ходимлари.
Бундан ташқари биржада катта хажмдаги цементни олиб-сотарлар фаолияти жонланиб қолди. Оқибатда 26 июнда бўлиб ўтган биржа савдосида иштирок этган 800 та корхонадан фақат 275 таси (34%) қурилиш материалларини сотиб ололган.
«Лимит ҳақиқатан қурилиш ва цементни қайта ишлаш бўйича тадбиркорлар манфаати ва талабни қондириш мақсадида жорий этилган. Биржадаги йирик ўйинчилар улгурчи савдо вакиллари ва олиб сотарлардир.Улар учун энг муҳими— ҳар қандай нархда бўлсин катта миқдорда товарни сотиб олиш ва кейин қимматига сотишдир…Айримлар (олиб-сотарлар) шу йўсинда бозорни йўлга солмоқчи бўлганлар. Лимит эса озми-кўп бу соҳадаги зиддиятларни пасайтиради», — дея тушунтиради ЎзРТХБдагилар.
Биржа маълумотларига кўра, 2020 йил январь — июнь ойларида савдога 4075,0 минг тонна цемент қўйилган, ундан 4044,0 минг тоннаси ёки 99,3% сотилган. Ушбу қурилиш материали харидорларининг сони ёзга келиб 2,1 баробарга ошди.
Биржа бозорида цементга нисбатан талаб ва таклифни мувозанатга келтириш учун ишчи гуруҳ тузилган ва у қатор чораларни ишлаб чиққан. Иккита янги завод деярли ишга туширилди, натижада 10 июлдан биржадаги цемент таклифи 3500 тоннага ортади. Цемент маҳсулоти савдоси билан шуғулланадиган корхоналар ҳар куни биржа савдосига 40 минг тоннадан кам бўлмаган маҳсулотни тақдим этишлари керак. Бундан ташқари, 30 июндан биржада цемент етказиб берилишининг бир ойдан ортиқ муддатига доир келишувлар имзолаш имконияти пайдо бўлади ва бу ушбу маҳсулот учун ўз вақтида пул тўлаш ва нархлар тебранишидан суғуртавий ҳимоялашни таъминлайди.
Давлат раҳбарининг 2019 йил 23 майдаги қарорига кўра 2020 йили республикадаги цемент заводлари йилига 13,4 млн тонна маҳсулот ишлаб чиқариши лозим, 2026-чи йилга бориб эса ушбу кўрсатгич 20,2 млн тоннага етказилади. Ўзбекистон цемент бозорининг асосий иштирокчилари «Қизилқумцемент», «Оҳангаронцемент», «Олмалиқ ТМК», «Бекободцемент» ва «Қувасойцемент» корхоналари ҳисобланади. Мамлакатда хориж инвесторлари ҳамкорлигида яна бир нечта цемент заводи қурилмоқда. Масалан, Наманган ва Самарқанд вилоятларида бундай заводларни хитойликлар корпанияси, Жиззахда эса немис компанияси қурмоқда.