Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековга «Туркманистонда хизмат кўрсатган артист» унвонини берди. Бу ҳақда туркманларнинг «Олтин аср» нашри хабар беради.
Президент фармонида келтирилган сўзларга кўра, Назарбеков икки мамлакат ўртасида дўстлик, биродарлик, яхши кўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшгани учун мана шундай юксак унвонга сазовор бўлган. Шунингдек, Бердимуҳамедов ўзбек маданияти вазирининг «куй-қўшиқ санъати ривожидаги ютуқлари ва профессионал маҳорати»ни ҳам назарга олиб ўтган.
Озодбек Назарбеков Ўзбекистонда энг машҳур хонандалардан бири саналади. У 1994 йилдан бери ижод қилади. Назарбеков 2007 йили Санъат ва маданият институтини тамомлаган, 2010 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ артисти» унвонини олган. У 2017 йили республика Маданият вазирининг ўринбосари этиб тайинланди ва 2020 йилдан ушбу вазирликни бошқара бошлади. Бундан икки ҳафта олдин Озодбек Назарбеков Юнус Ражабий номидаги миллий мусиқа санъати институтига ректор этиб тайинланганди.
Вазирлик лавозимида ишлаб туриб ҳам Назарбеков саҳнада консертлар бериб боради. Апрель ойида у президентга мурожаат сифатида янги қўшиғини ҳавола этди. Ижодкорнинг сўзларига кўра, у ушбу қўшиқ орқали Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини халққа етказмоқчи бўлган. Бунга қадар вазир коронавирусга қарши кураш тўғрисида қўшиқ яратганди.