Россиянинг «Мир» тизими Ўзбекистон ва Қирғизистонга пул ўтказмаларини йўлга қўйди

Cardsbanking.ru сайти фотосурати

Россиянинг “Мир” тўлов тизими карталари эгалари учун 29 июндан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистонга трансчегаравий пул ўтказмалини амалга ошириш имконияти тақдим этилади, дея хабар беради “Коммерсант”.

Янги хизматни биринчи бўлиб “Почта-банк” ва “Русский стандарт” банклари таклиф қиладилар. Пул ўтказмаларини “Мир” карталаридан ЭЛКАРТ (Қирғизистон) ва Uzcard (Ўзбекистон) тўлов тизимларининг иштирокчилари бўлган ҳар қайси банкнинг карталарига ўтказиши мумкин бўлади.

“Мир” карталари бўйича жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказилиш фақат биргина реквезит – олувчининг карта рақами бўйича амалга оширилади, ҳолбуки бошқа тизимларда қўшимча маълумотларни тақдим этиш талаб этилади, дея хизматни реклама қилмоқда “Почта-банк”.

“Мир” оператори Тўлов карталари миллий тизими таъкидлашича, мижозлар комиссияларда ва шу жумладан, конвертацияда 3 фоизгача пунктларда маблағларини тежай оладилар. Банкларга трансчегаравий ўтказмаларда Россия ичида амал қилаётгани каби шартлар тақдим этилади. Трансчегаравий ўтказма учун якуний комиссия 4 фоизгача бориши мумкин.

Ҳозир Ўрта Осиё мамлакатларига жўнатилаётган ўтказмаларнинг катта қисми (60-70%) нақд пул кўринишида амалга оширилади. “Мир” тизимининг трансчегаравий ўтказмалар бозорига кириб келиши анъанавий ўтказмалар тизимининг бир қисм улушини тортиб олиши мумкин.

Шу билан бирга, “Золотая корона” тизимининг вакиллари улар таклиф этаётган шартлар “Мир” тизимига нисбатан ҳамон манфаатлироқ бўлиб қолаётганига ишонтирмоқдалар. Мисол учун, Қирғизистонга пул ўтказиш учун тарифлар 1 фоизни ташкил этса, Ўзбекистоннинг аксарият шаҳарларига умуман комиссия ундирилмай ўтказилади (ўтказма долларга конвертация қилинади ва тизимнинг ўзи конвертация қила туриб пул ишлаб олади). Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳатто ўзига қарашли банкоматлардан пул ечиб олишда 1 фоиз комиссия ундирилади ва “Золотая корона”га кўра, “Мир” тизими буни эътибордан четда қолдириб кетган.

Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари ҳажми 2020 йил биринчи чораги якуни бўйича 759 миллион АҚШ долларини, Қирғизистонга эса 359 миллионни ташкил этган. Ўзбекистон пул жўнатмалари ҳажмининг қисқариши 7,2 фоизни, Қирғизистонга эса – 20,7 фоизни ташкил этган. Пул жўнатмаларининг қисқариши бутун дунёни қамраб олган иқтисодий инқироз ҳамда коронавирусга қарши кураш доирасида жорий этилган карантин ва транспорт чекловлари билан изоҳланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ