Ашхабодда ва Туркманистоннинг бошқа шаҳарларида ҳукуматга қарши варақа ва республика президенти Гурбангули Бердимухамедовнинг фотосуратлари остида “Güm bol!” (“Гумдон бўл!”) ва “Ogry” (“Ўғри”) ёзувлари туширилган плакатлар пайдо бўлди, дея хабар беради Turkmen.News.
Фаоллар варақаларни жамоат транспортларида, турар жой биноларининг подъездларида микрорайонлар ҳовлиларида қолдирмоқдалар. Фаоллардан бири интервьюда айтишича, уни бундай қилишга хорижий мамлакатларда – АҚШ, Туркия ва Шимолий Кипрда ўтаётган норозилик акциялари илҳомлантирган.
Аввалига, Ашхободда “Ҳарамдағга ўлим” тилаклари билдирилган пуллар тарқатилаётганда у Бердлимуҳамедовга қарши шиорлар чизиш ишларида қатнашган ва шундан кейин плакатларни тарқатиш билан шуғуллана бошлаган. “Бу ерда (Ашхабодда) ҳам одамлар ўзларини эркин ҳис этишмоқда, илгариги қўрқувлар йўқ, одамларнинг сабр косаси тўлиб бўлган. Одамлар муаммолар ҳақида баландроқ овозда гапирадиган бўлиб қолдилар, турли даражадаги мансабдорлар билан эса халқ анча талабчанлик билан гаплашадиган бўлиб қолди”, — дейди варақа тарқатувчи фаол.
У ўзининг ҳаракатлари нечоғли хатарли эканини тушунади, “бироқ бу режимга сабр қилишга тоқат қолмади ва четда лоқайд бўлиб туришга бошқа имконият йўқ”лигини қўшиб қўйди. “Лебапда содир бўлган табиий офатдан сўнг кўпчиликнинг кўзи очилгандек бўлди. Негаки табиий офатнинг бир чети ашхабодликларга ҳам тегиб ўтди: кимнингдир қария ота-оналари у ерда жабрланган ёки бўлмаса, қариндошлари, айрим одамларнинг собиқ қўшнилари ёки танишлари. Ва ҳаммалари кўриб турибди, расмийлар одамларга туфуриб қўйган, ҳеч ким уларга ёрдам беришни хаёлига ҳам келтирмаяпти”, — дея тушунтиради Ашхабодда яшайдиган одам ҳукуматнинг апрель ойи охирида кучли бўронни бошидан кечирган Лебап ва Мари вилояти аҳолисига ёрдам бера олмаслигини назарда тутиб.
Одамлар орасида норозилик кайфиятининг ўсиб бораётганига, туркманларнинг ўзларини эркини ҳис этаётганларига, шунингдек, Мари вилояти Байрамали шаҳрида содир бўлган ҳодиса ҳам ёрқин далил бўлиши мумкин. У ерда навбатда туриб ўсимлик ёғи тақчиллигидан ўз норозилигини изҳор этган ҳамда порахўр полициячиларни сўккан пенсионерни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўлга олмоқчи бўлганида, навбатда турган одамлар уни қутқариб қолишга ҳаракат қилдилар.
Хорижда ўрнашиб олган Туркманистоннинг Демократик танлови дея аталувчи янги мухолифатдаги ҳаракат мамлакат ичкарисида норозилик акцияларини уюштириш режаларини эълон қилди.