Ўзбекистонлик профессионал боксчи Қудратилло Абдуқаҳоров россиялик Сергей Липинец билан Халқаро бокс федерациясининг (IBF) яримўрта вазн бўйича «вақтинча» жаҳон чемпиони унвони учун жанг олиб боради. Бу ҳақда ТАСС Липинецнинг менежери Алейсей Вайсфельдга таяниб хабар беради.
Вайсфельд сўзларига кўра, жанг шу йили сентябрь ойида бўлиб ўтади. Унинг қаерда ўтишига менежер аниқлик киритмаган. Ғолиб амалдаги IBF версияси чемпиони, америкалик Эррол Спенс-кичкина билан жанг ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Липинец – Абдуқаҳоров ўртасидаги тўқнашув шу йили 16 майда PBC бокс кечаси доирасида АҚШда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ тадбир бекор қилинди.
Қудратилло Абдуқаҳоров (17та ғалаба, 0 енгилиш, 9 та накаутли ғалаба) – андижонлик йигит. У Сингапур ва Малайзияда бўлиб ўтган жангларда ўзини кўрсатган. Қудратилло Жаҳон бокс жамғармасининг (WBF) халқаро чемпиони унвони, Осиё бокс кенгашининг (ABCO) кумуш медали ва WBC-silver чемпиони камарининг соҳиби ҳисобланади. 26 ёшли боксчи охирги жангини ўтган йил октябрда америкалик Луис Колацога қарши ўтказди ва рақибини техник накаутга йўллади.
Сергей Липинец (16та ғалаба, 1та ютқазиш, 12та накаутли ғалаба) – Қозоғистоннинг Оқтўбе областида туғилган. IBF версияси бўйича собиқ чемпион. У 2018 йил мартда америкалик Майк Гарсия билан бўлиб ўтган жангда чемпионлик камаридан маҳрум бўлган. 31 ёшли Липинец охирги жангини ўтган йил март ойида америкалик Ламонт Питерсонга қарши ўтказган ва рақибини техник накаутга учратган.