Фарғонанинг «Нефтчи» клуби россиялик футболчи билан бўлган бахсда енгилди

Вячеслав Сушкин . Nevasport.ru сайти фотосурати

Россиялик футбол ҳужумчиси Вячеслав Сушкин ФИФА томонидан Фарғонанинг «Нефтчи» клуби билан ойлик маош борасидаги бахсда ютиб чиқди. Клуб унга ойлик бўйича қарзларни тўлашдан бош тортаётган эди, дея Olamsport хабар беради.

Маълум бўлишича, ФИФА ташкилоти футболчининг 2018 йили клуб билан шартномани бекор қилгани ҳолатини тўғри деб топган ва клуб зиммасига компенсация тўлаш мажбурияти юклатилган. Лекин «Нефтчи» бундан бўйин товлаб келган. Натижада, ФИФА клубнинг Сушкинга қарзини тўламаганча бўлажак трансфер бўйича учта ўйинчини сафига олишини ман этиб қўйди.

Вячеслав Сушкин – питерликларнинг «Зенит» клубида тарбия топган. У турли даврларда «Петротрест», питернинг «Динамо», Воронежнинг «Факел», Латвиянинг «Йелгаву», Беларуснинг «Витебск», грузинларнинг «Сиони», юнонларнинг «Ники Волу» , латвияликларнинг «Бабите» клубларида тўп сурган. Сушкин 2018 йили январда «Нефтчи» билан шартнома имзолайди.Transfermarktга кўра, 2018 йил июлидан футболчи карьерасини тўхтатган, лекин 2020 йилдан у яна «Нефтчи» клуби сафида қайд этилган.

Фарғонанинг «Нефтчи» клуби— Ўзбекистоннинг беш карра чемпиони ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатдаги нефтгаз соҳасидаги ислоҳотлар туфайли клуб моддий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. 2018 йил мавсум якунига кўра, фарғоналиклар мамлакат чемпионати олий дивизионини илк бор тарк этди. Ўтган мавсумда «Нефтчи» Pro-лигада бешинчи ўринни эгаллади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди