Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси (ДСҚ) яширин иқтисодиёт ва ишсизлик масалалари билан шуғулланади ва шу мақсадда ташкилотда махсус бўлимлар тузилади. Бу ҳақда Norma ҳукуматнинг яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга доир қарорига асосланиб хабар беради.
Давлат статистика қўмитаси таркибида яширин иқтисодиётни, яширин ишсизликни баҳолаш ва ҳисобга олиш бўлимлари ташкил этилади. Улар жисмоний шахсларнинг даромадларини декларация асосида солиққа тортиш, электрон савдони солиққа тортиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш билан шуғулланади. ДСҚга ҚҚСни ҳисобга олиш ва қайтариш тизимини такомиллаштириш вазифаси топширилган.
Бошқа чоралар асосида тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ билан қамраб олинади, маркировкаланадиган товарлар рўйхати босқичма-босқич кенгайтирилади. Солиқ қўмитаси электрон савдо орқали солиқ тўламаётган шахсларни аниқлаш билан шуғулланади. «Case management system» асосида (маълумотларни йиғиш ва сақлашга доир дастурий таъминот— «Фарғона» изоҳи) солиқ текширувлари самарадорлиги ва сифатини назорат қилиш тизими ташкил этилади.
Яширин секторни қисқартиришнинг яна бир йўналиши — иқтисодиётда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини ошириш ва аҳолига банк хизматларини кўрсатишни кенгайтиришдир. Марказий банкга «Humo» ва «UzCard» тўлов тизимларини интеграциялаш вазифаси топширилди. QR-кодидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган тўловлар сони оширилади, хўжалик юритувчи субъектлар узлуксиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тизимига ўтказилади. Бундан ташқари, кўчмас мулк ва транспорт воситалари бўйича битимларни расмийлаштиришда замонавий банк хизматларидан фойдаланиш кенгайтирилади. Ўзбекистон парламентида ҳам яширин иқтисодиётни камайтириш таклифи муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича 23 май куни ташкил этган давра суҳбатида депутатлар мамлакатда капитал амнистицияси эълон қилиш таклифи билан чиқдилар. Шунингдек, халқ ноиблари фуқаролар даромадларини мажбурий декларация қилиш таклифини ўртага ташладилар. Уларнинг фикрича, бундай амалиёт яширин иқтисодиёт сегментларини аниқлаш ва адолатли солиқ тизимини барпо этишга ёрдам беради.