Ўзбекистондаги Coca-Cola корхонасининг давлат активлари савдога қўйилади

Ўзбекистондаги Coca-Cola заводи . Ccbu.uz сайти фотосурати

Устав капиталининг — 57,118 фоиз улуши «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясига тегишли бўлган Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd. МЧЖ оммавий савдоларда хусусийлаштирилиши мумкин. Давлат активларини бошқариш агентлиги шаффофликни таъминлаган ҳолда ушбу корхонани шу ишларга тайёрламоқда, деб хабар беради агентликнинг матбуот хизмати.

Ушбу жараёнга Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда нуфузли халқаро молия ташкилотлари, хорижий инвестиция воситачилари ва аудиторлик компанияларини жалб этиш режалаштирилган.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd. МЧЖ 1993 йили ташкил топган. Ҳозирда компаниянинг 57,1% акцияси «Ўзбекозиқовқатхолдинг», 42,9% – The Coca-Cola Export Corporation (АҚШ) компаниясига тегишли. Компаниянинг Тошкент, Наманган ва Урганчда фаолият юритувчи заводларида Coca-Cola, Fanta, Sprite, Bonaqua ва Fuse Tea брендлари остида салқин ичимликлар ишлаб чиқарилади.

2018 йил сентябрда Ўзбекистон Молия вазирлиги қўшма корхонага стратегик инвесторларни жалб қилиш масаласини кўраётганини маълум қилганди. Ушбу масала Европа реконструкция ва тараққиёт банки,The Coca-Cola Company (АҚШ) ва Coca-Cola İçecek (Туркия) компаниялари вакиллари томонидан ташкил этилган кўптомонли учрашувларда муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг март ойида ўзбек корхонасининг аксари акциялари соҳиби «Ўзбекозиқовқатхолдинг» келаси икки йил ичида компанияга жалб этиладиган сармоялар миқдори $31 млн бўлишини маълум қилди. Бунда қарор ички бозорни салқин ичимликлар билан таъминлаш борасидаги тадқиқотлар асосида юзага келган. Унга кўра, келгуси 10 йил ичида аҳоли сонининг ўсиши, туризм оқимининг кучайиши натижасида бозор 1,8 баробарга кенгаяди. Бу эса Ўзбекистонда мажуд Coca-Cola заводларини модернизация қилишни талаб этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди