Путин бешинчи президентлик муддатига ҳам ўз номзидини қўйиш эҳтимолини истисно этмаяпти

Владимир Путин . Кremlin.ru сайти фотоси

Россия президенти Владимир Путин Россия Конституциясига зарур бўлган ўзгартиришлар киритиладиган бўлса, 2024 йилги президент сайловларида янги президентлик муддатига ўз номзодини қўйиши мумкинлигини истисно этмади. Бу ҳақда у “Россия 1” телеканалига “Россия. Кремль. Путин” фильми учун интервью бераётганида маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

“Ҳозирча мен ўзим учун ҳеч нарсани ҳал қилганим йўқ. Агар бу ҳолат Конституцияда пайдо бўлиб қолса, мен ўз номзодимни яна қўйиш эҳтимолини истисно этмайман. Қани, ўша вақт келаверсинчи, ўшанда кўрамиз”, — дея аниқлик киритди президент.

Ҳозирда амал қилаётган Конституцияга кўра, Владимир Путин 2024 йилги сайловларга ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига эга эмас, негаки у президентлик лавозимида кетма-кет иккинчи муддат давомида эгаллаб турибди. Бордию, 2020 йил 1 июль кунги Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартиришлар киритилишини кўзда тутувчи умумхалқ референдумида ушбу чеклов олиб ташланса, Путин бўлгуси президент сайловларида ўз номзодини яна қўйиш имкониятига эга бўлади.

Мамлакатнинг асосий қонунига президентлик муддатини “нолга келтириш” тўғрисидаги ўзгартириш киритишни “Единая Россия” партиясидан сайланган депутат Валентина Терешкова (биринчи космонавт аёл. – таржимон изоҳи) таклиф қилган ва бу таклиф Россия Федерацияси Давлат думаси томонидан жорий йилнинг 10 март куни маъқулланган.

Владимир Путин Россия президенти лавозимига биринчи марта 2000 йилда сайланган ва айни пайтда тўртинчи муддатини ўтамоқда. Бунинг имкониятини қилиш учун у дастлабки икки муддатидан сўнг 2008 йилда бош вазир лавозимига ўтиб ишлаган, негаки амалдаги Россия Федерацияси Конституцияси президентлик лавозимини кетма-кет икки муддатдан ортиқ давомида эгаллашни тақиқлайди, аммо ўртада танаффус билан бу лавозимда ишлайдиган бўлса, муддатларнинг сони чекланмайди. Владимир Путин 2012 йилда Россия Федерацияси президенти лавозимига яна қайтадан сайланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ