Ҳидистон ўзининг жанггавор қирувчи самолётлари ва вертолётларини Хитой чегарасидаги баҳсли участкалари ўтган Ладакҳ ҳудудидаги илғор авиабазаларига ўтказиб жойлаштирди, дея хабар беради Times Of India.
Хусусан, Hellfire “ҳаво-ер” русумидаги ракеталар билан жиҳозланган Apache зарба берувчи вертолётларини ҳамда оғир артиллерияни баланд тоғли ҳудудларига етказиб беришга мослашган Chinook оғир вертолётлари Ҳиндистон чегара қўшинлари ихтиёрига ўтказилди. Бундан ташқари, Су-30 МКИ, МиГ-29 ва “Ягуар” қирувчи самолётлари чегарага бевосита яқин жойда жойлаштирилган. Шунингдек, Бенгалия қўлтиғида Ҳиндистон Ҳарбий-денгиз флотининг қўшимча жангавор кемалари ҳарбий ҳолатга келтириб қўйилган.
Нашрнинг қайд этишича, бу каби ҳаракатлар Ҳиндистоннинг Хитой чегарасидиаги можаро экскалациясига тайёрлигини англатади. Ҳиндистоннинг олий мартабали ҳарбийларидан бирига кўра (унинг исми-шарифи келтирилмаган), армия Хитой Халқ Республикаси томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай провокацияга қарши туришга тўла ҳолда тайёр.
Хитой Қуролли кучлари ҳам ушбу ҳудуддаги ўз позицияларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошира туриб, Пантонг Цо кўлининг шимолий қирғоғидаги тоғ тизмалари ўртасида ўнлаб янги истеҳкомларини барпо этмоқда. Шу билан параллел равишда Хитой Тибетдаги Хотан ва Қашғар авиабазаларида ўзининг J-11 ва J-8 қирувчи самолётлари ҳамда олис масофа радиусида ҳаракатланувчи бомба улоқтирувчи самолётларининг сонини кўпайтириб қўйди.
Қайд этилишича, Хитой ўзининг асосий базаларида 20 дан зиёд эскадрилияларини жангавор ҳолатга келтириб қўйиши мумкин, бироқ жуғрофий жиҳатдан хитой армиясининг жойлашуви мураккаб рельеф, денгиз сатҳидан анча юқори баландликда жойлашгани оқибатида ҳавонинг сийраклиги туфайли ноқулай ҳолатда қолмоқда.
Икки давлат ўртасидаги чегараолди можароси Ҳимолий тоғларининг Ладакҳ ҳудудида 16 июнь куни содир бўлган. Чегарачилар ўртасидаги қуролли тўқнашув натижасида 20 нафар ҳиндистонлик ҳарбийлар ҳалок бўлдилар. Ҳиндистоннинг ANI News агентлиги хабарига кўра, мазкур тўқнашувда, шунингдек, 43 нафар хитойлик ҳарбийлар ҳам ҳалок бўлишган, бироқ расмий Пекин бу йўқотишларни тан олгани йўқ.
Хитой ва Ҳиндистон содир бўлган ҳодисада бир-бирларини айбламоқдалар. Ҳодисадан сўнг бир неча кун ўтиб, чегарада умуман олганда, вазият тинч ва барқарор ҳолатда қолмоқда.