Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати суратларда Photoshop дан фойдаланганини тан олди

Facebookдаги @TrollUZB фотосурати

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати томонидан жойлаштирилган фотосуратларнинг бирида Яшнаобод тумани ИИБ бошлиғи Тоҳиржон Зупаровнинг тиббий ниқобда тургани, лекин унинг ойнадаги аксида ниқобнинг йўқлиги акс этган. Турган гап, тиббий ниқоб Photoshop ёки бошқа график дастур орқали бошлиққа «кийдирилган». Бундай «қовун тушириш»га Facebook даги TROLL.UZ саҳифасининг администратори Умид Ғофуровнинг кўзи тушган.

Кейинчалик TROLL.UZ «кўзгудаги акси бор сурат»нинг ИИББ веб-ресурсидан ўчириб ташланганини маълум қилди. Шундан сўнг ички ишлар ходимларининг «ниқоб» ва «форма» даги суратлари пайдо бўлди. Ғофуровнинг ёзишича, ушбу ташкилотда «ниқобларни фотошоплаш анъанаси азалдан мавжуд»

Бошқармадагилар ходимларга ниқобларни фотошоп орқали «кийдирган»ини тан олганлар. «Авваллари ниқобсиз ёки унинг тушириб олинган ҳолатидаги суратларни қўйганмиз. Шунда салбий изоҳлар пайдо бўла бошлади. Бундай реакцияни четлаб ўтиш учун, афсус, шундай ишга қўл урганмиз. Бу ҳато иш эди. Ходимлар билан суҳбат ўтказилди. Уларга суратга олиш жараёнида ниқобларнинг ечилишига рухсат берилмаслигини тушунтирдик, ҳаттоки вирус блокатори бор бўлсаям», — дея «Газета.uz» бошқарма матбуот хизмати сўзларини келтиради.

Ўзбекистонда 23 мартдан жамоат жойларида ҳимоя ниқобларини тақиб юриш мажбурий ҳисобланади. 25 мартдан ҳимоя воситаларидан фойдаланмаган шахсларга жарима солина бошланди: биринчи бор тартиб бузилганда битта базавий ҳисоблаш миқдорида (БҲМ) (223 000 сўм, ёки $22), иккинчи бор риоя қилинмаганида уч БҲМ (669 000 сўм, ёки $66). Кейинчалик жарима бешта БҲМ –– 1,1 млн сўмга ($110) етказилди.

Жарималар жорий этилгандан сўнг биринчи кунда Тошкент ички ишлар ходимлари 101 та қоидабузарлик ҳолатини аниқлаганлар. Карантиннинг биринчи ойида 55 мингта қоидабузарлик қайд этилган, улардан 95 фоизи ниқоб тақмаслик ҳолати бўлган.

Тиббий ниқоб тақиш зарурати инсонларнинг аввало ўзларини, қолаверса атрофдагиларни ҳаво-томчи орқали тарқаладиган вируслардан ҳимоя қилади. Касаллик симптомсиз кечаётган одам эпидемиологик талабга жавоб бермаганда мулоқотда бўлган одамига осонликча касалликни юқтириши мумкин.

Шунга қарамасдан, айрим амалдорлар ҳимоя ниқобини тақиш талабини менсимайдилар. Чамаси, улар республика президенти Шавкат Мирзиёевга тақлид қилсалар керак. Президент матбуот хизматининг чоп этаётган аксари суратларда давлат раҳбарининг ҳимоя ниқобисиз бўлгани акс этган.

Шавкат Мирзиёев ва Танзила Нарбаева ниқобсиз. Президент матбуот хизмати ва Ўзбекистон Сенати фотосуратлари

Бундай ҳолат Олий Мажлис Сенати спикери Танзила Нарбаевага ҳам таалуқли. Спикернинг мажлисларда эпидемиологик тартибга риоя қилмаганини кўриш мумкин.

Юқори лавозимларни эгаллаган шахслар ҳам коронавирус инфекциясидан кафолатланмаганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Куни-кеча Ўзбекистон ҳукуматидаги икки мулозим вирусга чалингани тўғрисида хабар тарқади. Қўшни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбаев ҳам коронавирусга чалинган. Шунингдек, мамлакат Бош вазирининг ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири ва раҳбариятдаги қатор мулозимлар мазкур инфекцияга чалинганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди