Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси россияликлар клубини тарк этди

Виталий Денисов . Rubin-kazan.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон терма жамоасининг ҳимоячиси Виталий Денисов волгоградликларнинг «Ротор» клубини тарк этди. Бу ҳақда футбол клубининг сайтида хабар берилган.

Денисов жорий йилнинг январь ойида Волгоград клубига эркин агент сифатида ўтканди. Футболчи клуб билан мавсум тугашига қадар, уни узайтириш мумкинлиги билан шартнома тузганди, бироқ у бу имкониятдан фойдаланмади.

Ўзбекистонлик футболчи иккита матчдагина ўйнай олди, чунки коронавирус пандемияси сабаб чемпионат март ойи ўртасида тўхтатилди. Мусобақалар натижасига кўра, «Ротор» турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллади ва Премьер-лига учун йўлланмани қўлга киритди.

Ўтган мавсумда «Ротор» таркибида туркманистонлик Азат Байриев (у клуб капитани ҳисобланади) ва Даниил Полубояринов, шунингдек, тожикистонлик Муҳаммад Султонов – жамоанинг энг яхши ҳужумчиси иштирок этганди.

Виталий Денисов – «Пахтакор» ва москваликларнинг «Академиклар» клубида тарбия топган. У Москванинг ЦСКА ва «Локомотив», днепропетровскликларнинг «Днепр» клубларида фаолият кўрсатган. У ўтган мавсумда Самаранинг «Крылья Советов», кейинчалик татарларнинг «Рубин» жамоасида тўп сурди. Шу йили январь ойида Қозон клуби футболчи билан шартномани бекор қилганини эълон қилди. Денисов — Россия кубогининг тўрт карра ғолиби, 2013 йилдаги Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси ҳисобланади. 33 ёшли ҳимоячи миллий жамоа сафида 72 та ўйинда иштирок этган ва битта гол урган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ