Ўзбекистон июнда Инқирозга қарши кураш жамғармаси сарфларини кескин кўтарди

Pixabay.com сайти фотосурати

2020 йил 27 майдан бошлаб Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши кураш жамғармаси сарфлари 1,107 трлн сўмга ($109 млн) — 3,306 трлн дан 4,413 трлн сўмгача ($437,4 млн) ошди, деб хабар беради Молия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.

Даромадлар 7,44 трлн сўм ($733,7 млн) даражасида қолган. Уларнинг асосий қисмини (98,4%) халқаро молиявий институтлар томонидан берилган кредитлар (7,32 трлн сўм), қолган 1,6% — давлат бюджети маблағларидан (123,5 млрд сўм) ташкил топган.

Ижтимоий соҳага 929 млрд сўм ($91,3 млн) сарфланган. Энг катта сумма йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига (310 млрд сўм, ёки $30 млн) йўналтирилган, ижтимоий тўловларга (155 млрд сўм, ёки $15,2 млн), вақтинчалик ишга жойлаштириш жамоатчилик жамғармасига (100 млрд сўм, ёки $9,8 млн) ажратилган.

Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигига 661 млрд сўм ($65 млн), сув таъминоти ва ирригацияга — 573 млрд сўм ($56,3 млн), карантин мажмуалари, махсус шифохоналар қурилиши ва уларни жиҳозлашга – 553 млрд сўм ($54,4 млн) йўналтирилган.

Умумтаълим ва махсус мактабларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига 83 млрд сўм ($8,1 млн), деярли шунча пул — 80 млрд сўм ($7,8 млн) Президент мактабларига йўналтирилган. «Газета.uz» нашри таъкидлашича, Президент мактаблари давлат бюджетидан молиялаштирилади.

Иқтисодиёт секторини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 250 млрд сўм ($24,5 млн) ажратилади. Барча суммани ссуда шаклида «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси олади. 500 млрд сўм ($49,1 млн) «Иссиқлик электр станциялари»га субсидия шаклида берилади, 401 млрд сўмни (39,4 млн) — «Ўзбекнефтгаз», 406 млрд сўмни ($39,9 млн) Uzbekistan Airways компанияси олди, 101 млрд сўм ($9,9 млн) — Uzbekistan Airportsга. 40 млрд сўм ссуда шаклида Birinchi Rezinotexnika Zavodi резинатехника маҳсулотлари заводига йўналтирилган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши кураш жамғармаси президент Шавкат Мирзиёев фармонига биноан 19 март куни ташкил топди. Унинг маблағи 10 трлн сўмдан ($1 млрд 51 млн) иборат бўлди. Президент ушбу маблағ аввало коронавирусга қарши кураш, шунингдек, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий кўмак бериш учун сарфланишини таъкидлади. Икки ойдан сўнг Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга $375 млн миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Молия вазирлиги ушбу маблағни Инқирозга қарши кураш жамғармасига йўллашни ваъда қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ