Пекин АҚШ авиакомпаниялари парвозларига нисбатан чекловларни юмшатди ва COVID-19 туфайли юзлаб рейсларни бекор қилди

Pixabay.com сайти фотосурати

Хитой коронавирус пандемияси пайтида авиация қатновларига нисбатан киритилган чекловларни юмшатиб, америка авиакомпанияларига ХХРга ҳар ҳафта давомида тўрттадан рейсларни бажаришга рухсат берди. Бу ҳақда АҚШ Транспорт вазирлиги сайтида чоп этилган пресс-релизда сўз юритилади.

Вазирлик икки мамлакат ўртасидаги йўловчилар авиаташувини, шу жумладан, рейслар етишмовчилиги боис ватанига қайта олмаган хитойлик талабаларнинг репатриацияси учун тўлиқ қайта тикланишини талаб қилишда давом этишини маълум қилмоқда. “Хитой расмийлари АҚШ авиакомпанияларига кўпроқ рейсларни рухсат бераётган экан, биз ҳам уларга худди шундай жавоб қайтарамиз”, — дейилади баёнотда.

Бундан икки ҳафта олдин 3 июнь куни Хитой билан авиаалоқаларини 16 июндан бошлаб тақиқлаши тўғрисидаги ниятидан воз кечган Трамп администрацияси хитой авиаташувчиларининг парвозлари сонини чеклаб қўйишини билдирганди.

Шундан сўнг Хитой 4 июнь куни ён босишга қарор қилди ва хорижий, шу жумладан, американинг United Airlines ва Delta Air Lines авикомпанияларига Хитойга бажариладиган рейсларни кўпайтиришга рухсат берди.

Шу билан бирга, Пекиндаги йирик улгуржи бозоридан чиққани аниқланган коронавирус инфекциясининг янгидан авж олаётгани боис мамлакатдаги аэропортлар юзлаб рейсларни бекор қилдилар. Хитой расмийлари ушбу COVID-19 инфекциясининг янги ўчоғидан тарқалиши таҳликасини жуда юқори деб баҳоладилар.

Пекинда хавфлилик даражаси кўтариб қўйилди, барча бошланғич ва ўрта мактаблар, университетлар, кўнгилочарлик ва спорт объектлари ёпиб қўйилди. Пекиндан учиб кетмоқчи бўлган йўловчилар коронавирус инфекцияси йўқлиги тўғрисидаги медицина маълумотномасини тақдим этишлари талаб қилинмоқда.

Хитойда ўтган кун давомида коронавирусга чалинишнинг 44 та ҳолати қайд этилган. Пекиндаги улгуржи бозорида аниқланган коронавирус Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозоридан чиққан коронавирусга қараганда кучлироқ бўлиб чиқиши мумкин, дейди Ухан университети медицина бўлими вирусология институтининг профессори Ян Чжаньцю, РИА “Новости” келтирган иқтибосда. Шу билан бирга, Пекинда ҳозир об-ҳавонинг юқори даражадаги ҳарорати ўрнашган ва бу ҳолат инфекция тарқалишига халақит бериши эҳтимоли бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ