Тошкентда ўзбек-хитой анъанавий тиббиёт маркази очилди. Муассаса ходимлари турли хил касалликларнинг диагностикаси, профилактикаси билан шуғулланиб, уларни даволаш билан шуғулланадилар, деб хабар беради Xinhuanet.com.
Тиббиёт марказида игна санчиш, турли хил массажлар билан даволаш ишлари олиб борилади. Бу ерда қўлланиладиган дори воситалари ўсимликлардан тайёрланган, экологик тоза маҳсулотлар ҳисобланади. Марказ биносида халқ тиббиёти маданияти зали, диагностика ва даволаш зоналари ва маслаҳат маркази мавжуд.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг директори Сардор Қориев мазкур марказнинг очилиши икки мамлакат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, айниқса халқ табобати соҳасида алоқаларни яхшилашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, ўзбек ва хитой мутахассислари икки мамлакатда ўсадиган доривор ўсимликлар асосида дори воситаларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш устидан иш олиб бормоқдалар.
Шунингдек, марказ халқ табибларини тайёрлаш ишлари билан ҳам шуғулланади. Бундан ташқари, ушбу марказга асос солган Хитойнинг Цзянси провинциясидаги анъанавий тиббиёт университети Ўзбекистонда ўз филиалини очишни мақсад қилган.
Хитой анъанавий тиббиёти таҳминан икки минг йил илгари шаклланган. У инсондаги ҳаётбахш кучларнинг нотўғри ҳаракатланиши (ци) оқибатида касалликлар пайдо бўлиши билан боғлиқ фалсафий ёндашувга асосланган. Одам организмидаги «ин» ва «ян» дея аталувчи қарама-қарши кучлар мувозанатини сақлаш орқали инсонни турли касалликлардан даволаш мумкин.