Ўзбекистонда футбол бўйича Суперлига ўйинлари қайта бошланди

АГМК футболчилари "Қизилқум" билан учрашувдан олдин. Championat.Asia сайти фотосурати

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати уч ой давом этган танаффусдан сўнг 13 июнь куни қайта бошланди. Бу ҳақда Soccerway нашри хабар беради.

Суперлиганинг тўртинчи тури биринчи кунида иккита учрашув бўлиб ўтди. Аввалига “Бунёдкор” Тошкентда “Қўқонни” 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашув якунига беш дақиқа қолганида меҳмонларнинг ҳимоячиси Бобуржон Акбаров тўпни ўз дарвозасига кесиб қўйиб, ягона гол муаллифига айланиб қолди. Иккинчи учрашувда Олмалиқнинг АГМК жамоаси сафарда Навоийнинг “Қизилқум”га қарши ўйнаб, минимал устунлик билан ғалабага эришди – 1:0. Олмалиқликларни зафарга олиб келган голни 66 дақиқада Элгужа Григалашвили урди.

Тўртинчи тур учрашувлари уч кун давомида бўлиб ўтади. 14 июнь куни Жиззахнинг “Сўғдиёна”си Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасини (1:0), Қаршининг “Насаф” жамоаси эса Наманганнинг “Навбаҳор”ни қабул қилди (1:1). 15 июнь куни Термизда “Сурхон” билан Муборакнинг “Машъал”, “Бухоро” билан “Андижон”, Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси Бекободнинг “Металлурги” билан учрашув ўтказадилар.

Ўзбекистон биринчилигининг барча учрашувлари коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш чоралари доирасида, яъни бўш трибуналар ҳамда (имкон қадар) ижтимоий масофага риоя қилган ҳолда ўтмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси муносабати билан барча спорт тадбирлари тўхтатиб қўйилган ёки бўлмаса, анча кейинги муддатларга сурилган эди. Футбол учрашувларини ўтказишга тақиқ 16 мартдан бошлаб кучга кирди. Ўша пайтга келиб Суперлигада учта тур ўйинлари бўлиб ўтганди. Ўзбекистон Футбол ассоциацияси май ойининг охирида клубларга машғулотларга қайтишга рухсат бериб, турнинг қайта бошланадиган санасини белгилаб берди.

Ушбу мавсумда Ўзбекистон Суперлигасида 14 та жамоа иштирок этмоқда. Турнир якуни бўйича биринчи учта ўринни эгаллаган жамоалар Осиё футбол конфедерациясининг Чемпионлар лигасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Иккита энг ёмон натижага эришган жамоа олий дивизионни тарк этади. 12-ўринни эгаллаган жамоа Pro-Лигада (куч бўйича Ўзбекистонда иккинчи саналадиган лига) учинчи ўринни эгаллаган жамоа билан Суперлигадаги жойини сақлаб қолиш учун кураш олиб боради. Мамлакатнинг амалдаги чемпиони – “Пахтакор”

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ