Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячилари пахта даласига боргандан сўнг карантин назоратига олиндилар

Сурат Елена Урлаева томонидан тақдим этилган

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Салмас Аҳмедова Наманган вилояти Поп туманига бориб келганидан сўнг мажбурий равишда 14 кунлик уй карантини назоратига олинди. Поп тумани эпидемиология хизматининг маълумотига кўра, бундай чора уларнинг коронавирус инфекциясига йўлиққан бемор билан гаплашган ички ишлар ходими билан контанктда бўлганлари сабаб қабул қилинган. Бу ҳақда «Фарғона»га Елена Урлаеванинг ўзи гапириб берди ва эпидемиолия хизмати томонидан берилган баённома нусхасини тақдим этди.

Урлаева истиқомат қиладиган Мирзо-Улуғбек тумани профилактика инспектори унга мактуб топширган. Мактубда Урлаева ва унинг оила аъзолари икки ҳафталик карантин назоратига олиниши, режим бузилган пайт уларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши айтиб ўтилган. Агар қонунбузарлик оқибати оғир деб топилса, у ҳолда фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1 моддасида («Санитария қонунчилиги ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик») кўзда тутилган жазо қўлланилиши айтилган.

Елена Урлаева уйи олдидаги милиция . Денис Урлаев фотосурати

Урлаеванинг сўзларига кўра, унинг олдига ҳар куни врач келиб ҳолатини текширади. 10 июнь куни тиббиёт ходимлари аёлдан анализ олмоқчи бўладилар, лекин Урлаева бундан бош тортиб, врачларни ташқарига чиқариб юборади. Мажбурий ўзини-ўзи яккалатиш режимида қолган ҳуқуқ ҳимоячисининг ўғли Денис Facebookдаги саҳифасида уларнинг уйини Миллий гвардия аскарлари қўриқлаётганини ёзади.

Урлаева хусусий таксида 9 июнь куни Поп туманига йўл олади. У ўша ердаги ҳамкасби билан пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишига оид рейд ўтказиб, Чодак тоғли қишлоқдаги фермерлар ҳуқуқлари поймол этилаётгани билан танишмоқчи бўладилар. Урлаевага кўра, улар далада 16 ёшли қизнинг меҳнат қилаётганини қўришган, лекин у билан суҳбатлашишга имкон бўлмаган. Маҳалла қўмитаси вакиллари болаларга ҳуқуқ ҳимоячилари билан суҳбатлашишни тақиқлаб, уларнинг фотокамерасига тушиб қолмаслик учун юзларини яширишга мажбур қиладилар.

Пахта даласида . Елена Урлаева тақдим этган фотосурат

Ўша куни ички ишлар органи ходимлари фаолларни ушлаб, тоғдаги қишлоқдан 35 км олисликда жойлашган район марказига олиб келадилар. Бу ерда ушланганларни коронавирусга қарши тестдан ўтказишади, биоматериал Наманганга юборилишини айтишади. Шундан сўнг маҳаллий фаолларни уйларига элтишади, Урлаева ва Аҳмедовани тез ёрдам машинасида милиция ходимлари ҳамроҳлигида Тошкентгача кузатиб қўядилар.

Ўзбекистонда ўн йиллар давомида пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилган. Инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини қайд этувчи ҳуқуқ ҳимоячилари уларнинг фаолиятига тўсиқлик қиладиган милиция ходимлари билан тез-тез жанжаллашиб турганлар.

Кейинги пайтлар вазият тубдан ўзгарди. 2018 йили Аҳоли бандлиги ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларини, жумладан Елена Урлаевани пахта кампаниясини мониторинг қилишга таклиф этди. Жорий йилнинг май ойида Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш ишларида фаол фуқаролар муҳим роль ўйнаётганларини эътироф этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ