Россия Марказий Осиё минтақасидаги бешта мамлакатларининг ҳаммаси Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган парадга ташриф буюришлари ҳақидаги тасдиқни олди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, дея хабар беради РИА Новости.
“Бизда Қозоғистондан, Қирғизистондан, Молдовадан, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистондан олинган тасдиқлар бор, шунингдек, Сербия, Хорватия, Абхазия, Жанубий Осетия ҳам парадда иштирок этишларини билдирдилар, — дея санаб ўтди Песков. Унга кўра, бу рўйхат энди тузилмоқда ва бир қатор давлат раҳбарлари ҳам таклифномаларни олишган ва “тез кунлар” давомида уларнинг жавоблари олиниши кутилмоқда”.
Украина президенти Владимир Зеленскийга таклифнома юборилмаган. “МДҲ давлатлари раҳбарларига таклифномаларни қайта янгилашга урғу берилмоқда, шунингдек, бизнинг қувончимизни баҳам кўриш истагини билдирган шерикларимиз ҳам бор. Украина де-факто ва де-юре МДҲ иштирокчиси бўлмай қолганини ҳаммамиз биламиз, бу мамлакат ушбу тузилмалар фаолиятида ўз ишини давом этишга хоҳиш билдирмаяпти ва бирор марта ҳам Ғалаба байрамини биз билан баҳам кўриш тўғрисидаги ўзининг истагини намоён этмаган”, — деди Песков.
Россия президенти Владимир Путин (1945 йил Қизил майдонда ўтказилган парад кунига мослаб) ҳарбий парадни 24 июнь кунига белгилаш ҳамда унга тайёргарлик кўриш тўғрисида буйруқ берган. Қозоғистон президенти Қосим Жомарт Тўқаев Нур-Султонда ўтказиладиган парадни бекор қилган, бироқ Путиннинг Москвадаги парадда иштирок этиш таклифини қабул қилган. Шунингдек, Қирғизистон Қуролли кучлари Миллий гвардиясининг парад бўлинмаси ҳам Москвадаги парадга келиши маълум қилинган.
Айни пайтда Россия COVID-19 эпидемияси даврида парад ва Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказиётгани учун, Москва ҳокими Сергей Собянин эса карантин чекловларини қўққисдан бекор қилгани учун танқид қилинмоқда. Россия оммавий ахборот воситаларининг президент администрацияси, мэрия ва Оқ уй аппаратидаги манбалари карантиннинг бекор қилинишини Россия президенти администрацияси томонидан туширилган илтимос билан боғламоқдалар. “Медуза” нашрининг Кремлдаги ва Президент аппаратидаги манбалари аниқлик киритишича, пропуск ва жадвал бўйича сайр қилиш тартибини июнь ойининг ўрталаригача узайтиришни режалаштирган Собянин администрациянинг кўрсатмасига мувофиқ эмас, балки президент Путиннинг шахсий илтимосини қондириш учун шундай қилган.
Шу билан бирга, Москва соғлиқни сақлаш департаменти май ойи бўйича ўлим ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилган. Улардан маълум бўлишича, 5260 та ҳолатларда COVID-19 инфекцияси ўлимнинг асосий ёки иккиламчи сабаби бўлиб қолган. Май ойи учун ўртача ўлим даражасидан (9914) ошиб кетиш деярли 5800 та ҳолатни ташкил этади. Россияда коронавирус инфекциясига чалинишнинг жами 493 мингдан зиёд ҳолатлари қайд этилган, 6 358 киши вафот этган.