“Masdar” (БАА) компанияси Навоий вилоятида қуввати 500 МВтга тенг бўлган дунёдаги энг йирик шамол электростанцияларидан бирини қуради. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
2019 йили президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифида мазкур лойиҳани амалга ошириш борасида келишиб олинганди. Инвестициявий келишув 2020 йил 8 июнда имзоланди. Унга кўра, Masdar шамол электростанциясини лойиҳалаш, молиялаш, қуриш ва эксплуатация қилиш ишларини амалга оширади. Лойиҳага $600 млн миқдорида тўғридан-тўғри чет эл сармояси йўналтирилади. 1300 нафар одам иш билан таъминланиши мумкин.
Қурилиш ишлари жорий йилнинг охиригача бошланиб, биринчи навбатдаги генерация қувватларини (250 МВт гача) 2022 йилнинг ўрталарида ва барча қувватларни 2023 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Навоийда қурилаётган шамол электростанцияси дунёдаги энг йирик станциялардан бири бўлади. У йилига 1,9 гВт*с хажмида арзон энергия ишлаб чиқаради ва бу 500 000 дан ортиқ уй хўжаликлари истеъмолига тенг бўлган электр манбасидир. Қайта тикланувчи энергия манбаларининг замонавий технологияларини жорий этиш, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган табиий газ ҳажмини (йилига 175 млн куб. метргача) экспортга ва саноат корхоналарининг эҳтиёжларига йўналтириш учун камайтирилади ҳамда — жуда муҳим жиҳати — атмосферага карбонат ангидрид чиқариб ташлашни сезиларли даражада камайтиради (йилига 1,1 млн тоннага).
Ушбу лойиҳа Masdar компаниясининг Ўзбекистондаги энг йирик объектидир. 2019 йили октябрда компания Навоий вилоятида 100 МВт қувватига эга фотоэлектр (қуёш) станцияси қурилиши тендерини ютиб чиққанди. Ушбу объект 12 ой ичида қуриб битказилади ва унга доир шартнома 2020 йил январида имзоланди.
Masdar ёки Abu Dhabi Future Energy Company 2006 йили ташкил этилган. У Абу-Даби ҳукуматининг Mubadala инвестиция компанияси таркибига киради. Компания қайта тикланувчи электр манбалари технологияларини жорий этиш бўйича дунёдаги энг етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Кейинги ўн йил давомида Masdar $2,7 млрд ҳисобида дунё бўйлаб энергетика лойиҳаларни амалга оширди. У АҚШ, Сербия, Буюк Британия, Саудия Арабистони. Иордания ва бошқа мамлакатларда шамол электростанцияларини барпо этди.