Ўзбекистонлик фрилансерлар буюртмаларни солиқчилар ёзган илова орқали оладиган бўлдилар

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ўзини ўзи банд қилган шахслар учун буюртмаларни қабул қилиш, тўловларни амалга ошириш, юридик шахсларга электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш имкониятларни назарда тутувчи мобиль иловани ишлаб чиқаради. Бу Ўзбекистон президентининг ЎзА чоп этган қарорида кўзда тутилган.

Бунақа иловани 2020 йил 1 июлгача ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди. Истеъмолчилар ўша дастур орқали кўрсатилган хизмат ёки товарларнинг сифатига баҳо бера оладилар. Рзйхатдан ўтган фрилансерлар илова ёрдамида товарлар рекламаси учун фойдаланишлари ҳамда даромад ва харажатларини ҳисоблашлари мумкин бўлади. Сўнгги опциядан фойдаланиш ихтиёрий, тахмин қилинишича, бу каби маълумотлар кредитлар олиш ҳамда солиқ чегирмаларини қўллашда ёрдам бериши мумкин.

Олдинроқ ҳукуматдагилар дизайн, таржима, дастурлаш, реклама, репититорлик ва бошқа йўналишлар бўйича онлайн-хизмат кўрсатаётган фрилансерлар масофадан туриб банкда ҳисоб рақами очаётганида ҳамда тўловлар қабул қилаётганларда қатор тўсиқларга дуч келаётганларини қайд этгандилар. Ҳужжат муаллифларнинг фикрига кўра, илова ушбу муаммони ҳал қилиб бериши керак.

Фрилансерлар кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиши мумкин бўлади. Бунинг учун келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан контракт тузиш талаб этилмайди

2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади.

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди. Ўзини ўзи банд қилган шахсларни даромад солиғидан озод қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида Шавкат Мирзиёев 19 май куни эълон қилган, хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтиш механизмини қўллаш эса 22 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган эди.

Ўзини ўзи банд этган шахслар 2020 йилда ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади.

Ўзини ўзи банд этган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.

Ўзбекистон расмийлари олдинроқ, 2019 йил сентябрда фрилансерлар ҳисобини юритиб кўришга уринган, уларга меҳнат стажини ҳисоблаш ва имтиёзлар олиш имкониятини берувчи вақтинчалик гувоҳномалар тарқатгандилар, бироқ бу чоралар кутилган натижани бермади. Шунинг учун ҳам расмийлар уларнинг фаолиятини қонунлаштириш учун оддий ҳуқуқий тизимни яратишни ўз олдиларига мақсад қилиб олдилар.

Имтиёзлар оилавий корхоналар учун кўзда тутилган, улар айланма маблағдан солиғни 50 фоизга камайтирилган ставка бўйича тўлайдилар, фақат бунинг учун улар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида фаолият юритишлари ва корхоналарида уч кишидан кам бўлмаган одам ишлаши керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди