Россия чегара режимини юмшатди

Уфа аэропортида коронавирусга қарши экспресс-тест амалиёти . Ufa1.ru сайти фотосурати

Россия коронавирус профилактикаси сабаб муқаддам жорий этилган мамлакатга кириш ва чиқиш чекловларини қисман бекор қилади. Бу ҳақда инфекцияга қарши кураш кенгаши мажлисида ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин маълум қилди, деб хабар беради РБК.

«РИА Новости»га кўра, РФга ҳозирча чет эл фуқароларининг даволанишга ёки касал яқин қариндошларини қарашга келишига рухсат берилади.

Россияликлар эса хорижга даволанишга, ўқишга, бемор яқинларини қарашга, ишлашга боришлари мумкин. Бу чоралар қачон амалга киритилиши ҳозирча номаълум.

Шунингдек, қолган миграция чекловлари қачон бекор қилиниши ҳақида ҳам маълумот берилмаган. ТАСС ахборот агентлига хабарига кўра, Росавиация ва Роспотребнадзорга «чет эл мамлакатлари билан ҳаво алоқаларини жонлантириш вариантлари»ни тақдим қилиш вазифаси топширилган.

Россия ҳам бошқа давлатлар қатори пандемия сабаб ўз чегарасини тўлиқ ёпганди. Бундай режим 2020 йил март ойидан бери амалда. Май ойи сўнггида РФ ҳукумати эпидемиянинг энг чўққи палласидан ўтилгани тўғрисида хабар берди. Мамлакатда жорий этилган карантин чекловлари аста-секин бекор қилинмоқда.

Экспертлар аграр соҳада мавсумий ишчилар дефицити пайдо бўлганини таъкидладилар ва карантин режими тўлиқ олиб ташланишига қадар меҳнат мигрантларининг қишлоқ хўжалигида ишлашлари учун чекловни бекор қилишни таклиф этдилар (айрим Европа давлатлари мигрантлар учун чартер рейсларни уюштириб, уларни қишлоқ хўжалигига сафарбар қилдилар). Лекин РФ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мавсумий ишларга мигрантларни жалб қилишга ҳожат йўқлигини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ