«Ўзбекозиқовқатхолдинг» АЖ Самарқанд вилояти Ургут туманида тамакичилик кластерини барпо этади. Мажмуа British American Tobacco Uzbekistan (ЎзБАТ) қўшма корхонаси негизида деҳқон ва фермер хўжаликлари ёрдамида ташкил этилади. Ҳукумат қарор лойиҳасида шу борада сўз юритилади.
Лойиҳа муаллифларига кўра, мазкур кластернинг барпо этилиши ўзбек бозорига тамаки маҳсулотлари импортини камайтиришга имкон беради. Корхона ишлаб чиқаришга инновацион ёндошади. Фермерлар корхона учун «Басма» ва «Виржиния» тамаки навларини етиштириб беришга ихтисослашадилар.
Шу йили кластерга 700 га яқин фермернинг кириши кутилмоқда, 2025 йилга бориб уларнинг сони 800 тага етади. Жорий йили хорижга $3,4 млн қийматида 854 тонна қуруқ, қайта ишланган тамаки хомашёсини етказиб бериш режалаштирилган. Беш йилдан сўнг Ургут кластери $5,6 млн қийматида 1400 тонна маҳсулот экспорт қилади.
2019 йили «ЎзБАТ» нинг Ургут филиали директори Одил Жунаидов завод тизими кластерни англатишини айтиб ўтганди. «Компания фермерларга аванс бериш ҳисобига тамаки етиштириш учун керакли барча материал ва хизматларни тақдим этади. Эксперт-агрономлар ушбу ўсимликни етиштириш бўйича керакли маслаҳатларни бериб, <…> агротехник усулларидан фойдаланиш мониторингини ўтказиб борадилар», – деганди филиал директори.
2018 йил ёзида Ўзбекистон ўн йиллик танаффусдан сўнг сигарет экспортини бошлагани хабар қилинганди. ЎзБАТ дастлаб Қирғизистон, кейинчалик Қозоғистон ва Мўғулистон бозорларига ўз маҳсулотларини етказиб бера бошлади.
British American Tobacco Uzbekistan ўзбек-британия қўшма корхонаси 1994 йили давлат билан қўшма корхона шаклида тузилган. Корхонанинг Қўқон, Самарқанд ва Ургутда филиали бор. Фабрикалар дунёга машҳур Kent, Rothmans, Pall Mall брендлари остида маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Бу йили апрель ойида Монополияга қарши кураш қўмитаси ЎзБАТни мамлакат бозорида етакчи ўринни эгаллайдиган компаниялар рўйхатига қўшган эди.