Россияда мутахассислар ишга ёлланаётганда устиворлик россияликларга берилиши таклиф этилди

Россия Федерациясида қолиб кетган мигрантлар Москвадаги хостелда. Екатерина Ивашченко фотосурати, "Фарғона"

Россияда иш берувчи малакали лавозимга ходим ёллаётганда, чет эллик фуқароларга нисбатан россиялик фуқароларга устунлик беришни мажбурлайдиган ҳуқуқий меъёр пайдо бўлиши мумкин. Ушбу таклифлар Меҳнат вазирлигининг ҳисоботига киритилган, дея хабар беради “Москва 24”.

Ҳужжатда бу меъёр “ишга жойлаштиришда миллий кадрларни устиворлик билан таъминлаш чоралари” деб аталмоқда. Бу масала юзасидан маслаҳатлар президент администрацияси ҳузуридаги давлат миграция сиёсати концепциясини амалга ошириш гуруҳи базасида ўтмоқда.

Бундан ташқари, ҳужжатда 2019 йил учун касаба уюшмалари бирлашмалари, иш берувчилар ва ҳукумат ўртасидаги бош битимни амалга ошириш ҳақида сўз юритилмоқда ҳамда чет эллик ишчи кучларига талаб ҳамда меҳнат миграцияси соҳасидаги сиёсатнинг амалга оширилиши масалалари муҳокама қилинмоқда.

Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия институти проректори Александр Сафоновнинг қайд этишича, бу мавзу долзарб бўлиб бормоқда, негаки инқироз шароитида ишсизлик даражаси ўсмоқда. Россия статистика қўмитаси маълумотига кўра, ишчи кучларига нисбатан ишсизлар улуши 2020 йил март ойидаги 4,7 фоиздан апрель ойида 5,8 фоизгача ўсган бўлиб, бу 2016 йилдан бери максимум даражасига етди. Бу даража 4,3 миллион россияликлар ишсиз қолганини англатади. Макроиқтисодий таҳлил ва қисқа муддатли прогнозлаштириш марказининг (ЦМАКПП) иқтисодчилари ҳисоблаб кўришса, агар коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини қайтарилса, ишсизлик даражаси 8 фоизга чиқади ва бордию инқироз чўзилиб кетса, 10 фоиздан ошиб кетар экан.

Пандемия туфайли мигрантлар ишларидан маҳрум бўлмоқдалар. Карантин туфайли Россиядан чиқиб кетишлари имкониятсиз марказий осиёлик мигрантлар эпидемия даврида ҳаридоргир бўлиб қолган чопарлик (курьер) касбини ўзлаштиришга ҳаракат қилишмоқда. Аммо кўпчилик қурилиш майдонлари ва корхоналарининг очилишини кутиб, намат остига яширган пулларини сарфлаяптилар.

Шу билан бирга, Россия президенти фармони билан миграциявий рўйхатга туриш, ишлаш учун патент олиш билан боғлиқ тўловларни амалга ошириш заруратидан озод қилиш тўғрисидаги фармонда кўрсатилган муддат 15 июнь куни тугайди ва шу санадан бошлаб мигрантлар ҳужжатларни расмийлаштириш ва тўловларни амалга оширишнинг одатий шаклига қайтишлари керак бўлади. Россия Мигрантлар федерациясининг раиси Вадим Коженов расмийлардан бу муддатни сентябрь ойигача узайтиришни сўради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ