S&P коронавирус туфайли Ўзбекистон рейтингини ўзгартирди

Нью-Йоркдаги S&P штаб-квартираси . Wikipedia.org фотосурати

“S&P Global Ratings” халқаро кредит рейтинг агентли Ўзбекистон рейтингини “ВВ” даражасида тасдиқлади, аммо суверен кредит рейтинги бўйича кутилмани “барқарор”дан “салбий”га ўзгартирди. Бу ҳақда республика Молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирликдагиларнинг аниқлик киритишича, ушбу “салбий” кутилма коронавирус пандемиясининг салбий таъсири ҳамда инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш учун жалб қилинаётган маблағлар ҳисобига Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи сўнгги 12 ой давомида сезиларли ўсгани билан изоҳланган.

Вазирлик маълумотига кўра, 2020 йил 1 июнь ҳолатига давлат ташқи қарзи 16,9 миллиард АҚШ долларни ёки Ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 19,2 фоизни ташкил этмоқда. Мавжуд ташқи қарзнинг 11,4 миилард АҚШ доллари ёки 67 фоизи ҳукумат номидан ёки давлат кафолати остида давлат корхоналарининг инвестициявий лойиҳа ва дастурларига жалб қилинган маблағдир.

Ўзбекистонга хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли “ВВ” даражасидаги “барқарор” кутилмали рейтинг илк бор Fitch ва S&P халқаро рейтинг агентликлари томонидан 2018 йилда берилган. Moody's агентлиги томонидан Ўзбекистонга узоқ муддатли “барқарор” кутилмали “В-1” даражаги рейтинг эмитенти 2019 йил февраль ойида берилган.

Агентликлар тақдим этадиган кредит рейтинглари мамлакатнинг ўз молиявий мажбуриятларини ижро этиш салоҳияти борасидаги уларнинг фикрини акс этади. Улар, шунингдек, муайян мажбуриятларнинг (масалан, облигациялар) сифатини ва уларга нисбатан дефолт эҳтимолига баҳо беришлари мумкин.

Олдинроқ экспертлар 2020 йил якуни бўйича Ўзбекистон иқтисодиёти коронавирус пандемияси кузатилаётган Хитой ва бошқа мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажмининг қисқариши боис 960 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўриши мумкинлигини қайд этиб ўтгандилар. Хусусан, иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистонда БМТ Ривожланиш дастурининг эксперти Сергей Воронин ҳам республика бюджетининг даромад қисмида кутилма кўрсаткичларининг ўзгариши мумкинлиги ҳақида билдирган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ