Ўзбекистонда электротехника саноатига киритилаётган инвестициялар хажми бир йилда 24 баробарга ошган

Ўзбекистонда электроника ишлаб чиқарувчи завод . Sng.today сайти фотосурати

2020 йил январь-апрель ойларида Ўзбекистондаги электротехника саноатига киритилган инвестициялар хажми ўтган йилга қараганда 24 баробарга ошган. Бу ҳақда республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар беради.

Кўриб чиқилаётган даврда кимё саноати (ўсиш — 13 баробар), чарм ва пойабзал (ўсиш — 2,5 баробар) соҳаси инвесторлар учун энг жозибадор соҳа бўлиб қолмоқда. Нефть ва газ саноати (ўсиш – 2,3 баробар) ва қурилиш материалларининг ишлаб чиқарилиши (ўсиш – 1,6 баробар) ҳам яхши кўрсаткичларни намойиш этган.

Шу билан бирга, тўғридан — тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг минтақавий аҳамиятга молик лойиҳаларга йўналтиришда ўсиш тенденцияси кузатилиб, ҳисобот даврида уларнинг умумий қиймати 958 млн долларни ташкил этган ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 2,6 баробар ошган. Ҳудудлар кесимида юқори ўсиш динамикаси Жиззах (13 баробар), Наманган (9,4 баробар) ва Сурхондарё (4,2 баробар) вилоятларида кузатилмоқда.

Ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 2,5 млрд долларни, шу жумладан тўғридан — тўғри хорижий инвестициялар — 1,7 млрд ва хорижий кредитлар — 831 млн долларни ташкил этган. Ушбу кўрсатгич ўтган йилга қараганда 1,6 баробарга кўпайган. Ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестициялар ҳажмидаги улуши 26% гача ўсган.

2019 йили Ўзбекистон президенти электротехника саноатини ривожлантириш, унинг экспорт салоҳиятини оширишга доир бир неча қарорларни имзолади. Жумладан, «Ўзэлтехносаноат» асоциациясига кирувчи корхоналар ишлаб чиқариш учун ускуналарини сотиб олишда тўрт ойга қўшимча қиймат солиғидан озод этилган.

2019 йил 30 майда қабул қилинган қарор иловасида 2021 йилгача республикада электротехника соҳасига доир қиймати $560 млн бўлган 70 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилганди. Йирик лойиҳалар ичида Тошкентда маиший музлатгичлар ишлаб чиқариш ($62 млн), Хоразмда қуёш панелларини ишлаб чиқариш ($30,5), Сирдарёда кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш ($20 млн), Навоий вилоятида ПВХ (поливинилхлорид) ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ