Ўзбекистонда одамларни ушлаб туриш, ҳибсда сақлаш, тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича мустақил қўмита тузишга қарор қилинди. Бу ҳақда Kun.uz Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова сўзларига таяниб хабар беради. Янги орган фақат парламент ва президентга ҳисобдор бўлади.
Ортиқованинг изоҳ беришича, бундай қўмитани тузиш «Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида кўрсатиб ўтилган. Қўмита инсоннинг қийноқдан ҳимоя қилишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича республика давлат бошқаруви органи сифатида ўз фаолиятини юритади.
Ортиқованинг сўзларига кўра, қўмитанинг асосий вазифалари жисмоний ва юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатларини кўриб чиқиш, қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш, жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш, қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрстиш, қийноқ ҳолатлари содир этилишига шароит яратган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласини ҳал этишдан иборат бўлади.
Янги қўмита ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сақланадиган жойларга мунтазам равишда мониторинг ташрифларини амалга ошириши, ушбу шахслар билан монеликсиз учрашиши, учрашиш жараёнида таржимон хизматидан ва маълумотларни қайд этиш учун электрон воситалардан фойдаланиши, шахсни тиббий, психологик текширувдан ўтказиш учун мутахассисларни жалб қилиши, бундан ташқари, қийноқдан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш масаласида янгича дунёқарашни шакллантиришга қаратилган махсус дастур бўйича тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва жазони ижро этиш фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимларини ҳар йили ўқитиш ишларини малга оширади. Шунингдек, лойиҳада ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сутканинг исталган вақтида телефон орқали, шу жумладан видеоконференция алоқаси режимидан фойдаланган ҳолда мурожаат қилиши мумкин бўлган Қийноқнинг олдини олиш қўмитасининг «call-маркази»ни ташкил этиш белгиланган.
Бош прокурор ўринбосарининг маълумотларига кўра, кейинги уч йил ичида ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан одамларни қийноққа солиш, қўрқитиш, босим ўтказишга доир 757 та ариза келиб тушган. Улардан 33 таси бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Шунингдек, Ортиқова халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳамда илғор хорижий амалиётга асосланган ҳолда «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганини маълум қилди. Лойиҳада Ўзбекистон қонунчилигидаги қийноқ учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни БМТнинг «Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенция»си талабларига мувофиқлаштирилишини таъминлаш белгиланган.
Кейинги йиллар Ўзбекистон «маъмурий-полиция давлати» имижидан халос бўлишга интилмоқда, қонунчилик соҳасида ислоҳотларни олиб бормоқда. Ҳукамат қийноқларга қарши жавобгарликни кучайтирди. Лекин ҳуқуқ ҳимоячиларининг эътироф этишларича, жазони ўташ муассасаларида ҳамон қийноқлар қўлланилмоқда. Уларнинг фикрича бундай иллатдан қутулиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим. Қийноқлар билан боғлиқ жиноятлар борасида «муддати ўтган» деган тушунчани олиб ташлаш керак, суд жараёнларини очиқ қилиб, жабрланган одамларга компенсация тўлашни йўлга қўйиш керак. Омбудсмен Улуғбек Муҳаммадиев тергов давридаги қийноқларни олдини олиш учун Ягона тергов қўмитасини тузишни таклиф қилди.