Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев монополия корхоналари раҳбарларини рақобат муҳити талабларига жавоб бермаса, лавозимидан кетишлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди. 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишида билдирди.
“Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса – кетади”, – дея огоҳлантирди Мирзиёев.
“Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими? Маҳаллий маҳсулотларнинг таннархини пасайтирсак, хориждан ўзлари олиб кетишади, – деди президент.
Ўзбекистонда 245 та корхона монополия мақомини сақлаб қолмоқда. Монополистлар томонидан 31 та товарлар гуруҳи ишлаб чиқарилмоқда ва 82 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Лекин бир қатор йўналишларда рақобат муҳити шаклланиб бўлган 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестридан чиқариш мумкин.
Мирзиёев паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида рақобат муҳити яратилгани натижасида сўнгги 4 йилда парранда гўшти етиштириш 100 минг тоннадан 205 минг тоннагача, балиқ 65 минг тоннадан 122 минг тоннагача кўпайганини қайд этиб ўтди. Аксинча, имтиёздан фойдаланган 23 та ёғ-мой корхонасида янги иш ўринлари етарлича ташкил этилмаган.
Истеъмолчилар манфаатини эътиборга олмайдиган монополиялар истеъмолчилар ҳуқуқини бузади. Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигига ўтган йилда истеъмолчилардан 11 мингдан ортиқ шикоятлар тушган уларнинг деярли ярми коммунал ва транспорт, 25 фоизи савдо, қолган 25 фоизи алоқа, молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларга оид бўлган. Мирзиёев Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш тўғрисида топшириқ берди.
Преезидент рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш борасида мутлақо янги тизим яратиш, корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқлаш вазифасини қўйди.
Мирзиёев томонидан олий таълим тизимида рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича алоҳида факультет, кундузги ва сиртқи ўқиш шаклини очиш, янги фан жорий қилиш ва ушбу мақсадлар учун академик соатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди. Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида монопол корхоналарнинг раҳбарлари ва ҳокимлар учун рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиб, ўқув жараёнига ҳалқаро молия ташкилотларидан эксперт ва профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Йилнинг бошланишида Мирзиёев юк ташиш саноати, шу жумладан, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” (Uzbekistan Airways) миллий авиаташувчиси ва Uzbekistan Airports базасидаги корхона ва ташкилотларнинг рақобатга бардошли эмаслигини танқид қилган эди. Рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиация бозорига янги авиташувчиларни жалб қилиш масалалари яқинда ўтган Uzbekistan Airways учун пандемия оқибатларини бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилишида муҳокама қилинган бўлиб, унда миллий авикомпанияни “нуфузли хорижий компания” бошқарувига топширишга қарор қилинди.