Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин импортига акциз солиғини кўпайтириш таклифига қарши чиқди

Pixabay.com сайти фотосурати

«Ўзбекнефтгаз» акциадорлик жамиятининг бензин маҳсулотлари импортига акциз солиғини 5% дан 20% гача кўтариш таклифи иқтисодий асосланмаган. Бу ҳақда Монополияга қарши кураш қўмитаси хабар беради.

Қўмитадагилар акциз солиғини кўпайтириш соғлом рабоқат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши, интеъмолчилар манфаатига зид эканини таъкидлайдилар. Шунингдек, қўмита 2020 йилгача «Ўзбекнефтгаз»нинг нефтни қайта ишлаш корхоналарига қатор имтиёз ва преференциялар берилганини эслатиб ўтади. «Ҳозирги кунда Ўзбекистонда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш бўйича тадбиркорлик субъектларга тенг шароитлар яратилди. Монопол корхона ҳисобланган Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари 2020 йилнинг май ойидан нархни шакллантириш бўйича қўлланиб келинган чекловлардан озод этилди. Эндиликда нархлар биржа савдоларида талаб ва таклифдан келиб чиқиб шакллана бошлади», — дея эслатиб ўтади қўмита.

Қўмита Белоруссия ва Қозоғистон тажрибасини мисол келтиради. Масалан, Белоруссияда 28 февралдан 31 декабрга қадар маҳаллий бензин ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган бензинни реализация қилганда, акциз солиғи тўловчиларига 0,25 коэффициент миқдорида имтиёз қўлланилиши белгиланган. Яъни, истеъмолчилар манфаатлари устуворлигини таъминлаган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида импорт бензиннинг акцизини кўтармасдан, балки маҳаллий бензин учун акциз солиғига имтиёз қўлланилган.

Шунингдек, Қозоғистонда бозорда бензин дефицитини олдини олиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бензин нархини арзон ушлаш мақсадида аввал импорт бензин учун акциз солиғи маҳаллий бензинга нисбатан деярли уч баравар кам бўлган. Лекин, 2018 йилдан бошлаб бозор иштирокчиларига тенг шароит яратиш мақсадида акциз миқдори тенглаштирилди.

«Маҳсулотни импортига акциз солиғини белгилаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши томонидан кўриб чиқилиши лозим. Кенгаш мазкур масалани кўриб чиққан тақдирда, Қўмита юқоридаги позицияси билан иштирок этади ва ҳимоя қилади», — дейилади МҚКҚ хабарида.

Энергетика вазирлиги нефть маҳсулотлари импортига акциз солиғи масаласи кўрилмаганини айтади. Бундан олдин «Ўзбекнефтгаз»нинг вазирликка акциз ставкасини кўтариш борасида мурожаат этганини «Газета.uz» га компания ҳам, вазирлик ҳам тасдиқлаганди.

Молия вазирлиги ҳам ушбу масалага ўз муносабатини билдирди. У нефть махсулотларини ишлаб чиқариш ва импорт қилишда ягона акциз ставкасини ўрнатиш масаласи устида иш олиб бораётганини билдиради. Бугунги кунда акциз солиғи бир-биридан фарқ қилади. АИ-92 маркасидаги бензинни ишлаб чиқараётган корхона 1 тоннасига 250 минг сўм ($25) акциз солиғини тўлаётган бўлса, импорт қилаётганлар шу маркадаги бензинга божхона қийматидан келиб чиқиб 5 фоиз ставкада пул тўлайди. Бу ҳисобда 1 тоннасига 121,5 ($12) сўмдан тўғри келади. Вазирлик йил бошида маҳаллий ва импорт нефть маҳсулотларига акциз солиқлари деярли бир хил бўлганини таъкидлайди. Шунингдек, улар Энергетика вазирлигидан импорт нефть махсулотлари акциз ставкаларини қайта кўриб чиқиш борасида таклиф тушмаганини маълум қилдилар.

«Ўзбекнефтгаз»нинг мазкур ташаббуси 25 май куни маълум бўлди. Компания раҳбарияти ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида тайёр нефть маҳсулотлари импортига солинадиган акциз солиғи ставкасини қайта кўриб чиқиш лозимлигини маълум қилган. Компанияга кўра, бу чоралар маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари қувватини оширади, Ўзбекистон ҳудудида нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришни рағбатлантиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ