Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Петербургдаги саммити коронавирус туфайли кечиктирилди

Infoshos.ru сайти фотосурати

Россия президенти Владимир Путин коронавирус пандемияси туфайли Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) саммитини бошқа вақтга қолдиришга қарор қилди. Бу ҳақда РИА “Новости” “олий мартабали хабардор манбага” таянган ҳолда хабар беради.

Ташкилотнинг барча иштирокчи мамлакатларида, қисман Хитойни истисно этганда, эпидемиологик вазият охиригача нормаллашгани йўқ, шунинг учун ҳам “вазиятга ойдинлик киргунига” қадар, керакли тарзда тайёргарлик кўриш учун тадбирни ўтказишдан воз кечилди, дея тушунтирди манба.

ШҲТ саммитини видеоалоқа тартибида ўтказиш эҳтимоли, “ушбу форматдаги ўзаро ҳаракатларнинг даражаси етарли бўлмагани” боис кўриб чиқилгани йўқ. “Муфассал фикр алмашиш” заруратини ҳисобга олган ҳолда, дея қўшиб қўйди мулозим, юзма-юз учрашув ўтказиш талаб этилади.

Таркибига Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон кирган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг навбатдаги саммитини 2020 йил 22-23 июль кунлари Санкт-Петербургда ўтказиши керак эди.

Олдинги саммит ўтган йили 13-14 июнь кунлари Бишкекда бўлиб ўтганди. Саммит якуни бўйича Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Афғонистондаги ҳамкорлик қилишнинг йўл харитаси, наркотикларга қарши стратегияни амалга ошириш бўйича 2019-2020 йиллар чора-тадбирлари режаси ва яна йигирматага яқин ҳужжатлар имзоланди. Бишкек саммити якунига кўра қабул қилинган декларацияда “ёвузликнинг учта кучлари – терроризм, экстремизм ва сепаратизм”га қарши кураш тўғрисида гапирилади.

ШҲТ 2001 йилда тузилган. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ