АҚШ ҳукумати коронавирус пандемиясидан азият чеккан Марказий Осиё мигрантларини қўллаб-қувватлашга $2 млн маблағ ажратади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.
Молиявий ёрдам АҚШ тараққиёт агентлигининг (USAID) «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси доирасида кўрсатилади. Ушбу лойиҳани американинг Winrock International нодавлат ташкилоти амалга оширади.
Кўпгина марказий осиёлик мигрантлар пандемия даврида оғир аҳволга тушиб қолгани айтилади. «Иш йўқлиги, пул ўтказмаларининг тўхтаб қолиши ҳолати мигрантлар оилаларини маблағ ва ҳуқуқий ҳимоясиз қолдирди. Шунингдек, мигрантларга вирусдан қандай сақланишга доир ахборот ва керакли воситалар етишмайди», — дейилади элчихона хабарида.
Ажратилган маблағ ҳисобига мигрантлар кризис даврини енгиб ўтиши учун керакли малака олиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жалб қилинади. Шунингдек, USAID манзилли юридик ва психологик ёрлам кўрсатади.
«Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси 2019 йилдан ҳаётга тадбиқ этила бошлади. У беш йилга мўлжалланган бўлиб, одам савдосига қарши кураш, траффикинг (одамларни фирибгарлик йўли билан қулликка тақаш) қурбонларини ҳимоя қилиш, хавфсиз миграцияга кўмаклашишни бош мақсад қилган.
Ўтган ҳафта Қўшма Штатлари Ўзбекистонга коронавирус пандемиясига қарши кураш мақсадида $3 млн ўтказди. Яна $1,5 млн маблағ Қозоғистонда коронавирус пандемиясини жиловлаш ишларига йўналтирилди.