Ўзбекистонда машҳур сиёсатшунос, Старатегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг собиқ директори Рафик Сайфулин 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда «Фарғона» манбалари хабар беради. Бундан олдин унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси («Давлатга хоинлик қилиш», ўй йилган йигирма йилгача қамоқ жазоси) билан айб қўйилаётгани маълум эди. Суд жараёни ва қарори тавсилотларини ўрганишга имкон бўлмаган.
Сайфулин устидан суд жараён кетаётгани 2020 йил февралда маълум бўлганди. У билан бирга Давлат хавфсизлик хизмати ва Мудофаа вазирлигининг айрим ходимлари давлатга хоинлик қилишда айбланганлар. Сиёсатшунос 2019 йил июлда ҳибсга олинган. Шунингдек, Ўзбекистон Қуролли кучлари штабининг бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаевнинг ҳам хоинликда айбланаётгани маълум бўлган. Унинг ҳисбга олинганини акаси тасдиқлаган. Оммавий ахборот воситалари ушбу жараёнга ўн нафар одам дахлдорлигини маълум қилади. Бошқа айбланувчиларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ҳақида маълумотлар йўқ.
Ўзбекистоннинг расмий доиралари мазкур суд жараёнига изоҳ бермаган.
Сайфулин ўз карьерасини СССР Давлат хавфсизлик қўмитасида бошлаган. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, Сайфулин Вазирлар Маҳкамасида ишлаган. Кейинчалик у Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтини бошқарган.
Ўтган йил март ойида Ўзбекистон Ҳарбий суди Мудофаа вазирлигига қарашли «Ватанпарвар» газетасининг собиқ ходими Владимир Колошинни давлатга хоинлик қилишда айблаб, ҳукм чиқарганди.
Бунга қадар январь ойида Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими Қодир Юсупов давлатга хоинлик қилишда айбланди. У беш йилу олти ой қамоқ жазосига маҳкум этилди.
2017 йил декабрда машҳур шарқшунос олим Андрей Кубатин ҳам давлатга хоинлик қилганликда қамалган эди. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига «Ўзбекистон геологик захиралари»га оид материалларнинг чет эл фуқаросига тақдим этилгани сабаб бўлган. Кейинчалик олимнинг ҳамкасблари ва ҳуқуқ ҳимоячилари норозиликларидан сўнг Кубатинга қўйилган айб бекор қилинди.