«Ўзбекнефтгаз» компанияси импорт бензинга солинадиган акциз солиғини 5 дан 20 фоизга кўтаришни таклиф қилди. Troll.Uz нинг Facebook стаҳифасида чоп этилган компаниянинг Ўзбекистон энергетика вазирлигига йўллаган мурожаатидан шу нарса маълум бўлди. Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини «Газете.uz» нашрига «Ўзбекнефтгаз» ва вазирлик тасдиқлаган.
Май ойи ўртасига келиб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бензин нархи импортдан қимматроқ бўлган. Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган АИ-92 русумидаги бензин нархи UNG (бренд «Ўзбекнефтгаз» бренди) ёнилғи шаҳобчаларида 5000 сўмгача ($0,49) тушиб кетган, ҳолбуки маҳаллий ишлаб чиқарилаётган АИ-91 бензинининг бир литри 5600 сўмдан ($0,55) сотилаётган эди.
«Ўзбекнефтгаз» раҳбарияти ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида тайёр нефть маҳсулотлари импортига солинадиган акциз солиғи ставкасини қайта кўриб чиқиш лозимлигини маълум қилади. Компанияга кўра, бу чоралар маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари қувватини оширади, Ўзбекистон ҳудудида нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришни рағбатлантиради.
Битуминоз породасидан олинадиган нефть ва нефть маҳсулотлари акцизини 5% дан 0% гача тушириш, АИ-80, АИ-91, АИ-92 русумидаги бензинлар, шунингдек Жет А-1 газли турбин ва ТС-1 реактив двигателларига ишлатиладиган авиа ёнилғи импортига акциз солиғини 5% дан 20% гача кўтариш таклиф этилади.
2019 йил ёзда Ўзбекистон ҳукумати АИ-91 маркасидаги бензин нархини бозор шакллантиришига қўйиб берганди. Бундай чора нархнинг кўтарилишига олиб келиши кутилганди, лекин амалда бундай бўлмади. Жорий йилнинг 1 май ойидан АИ-80 бензин маркаси ва дизель ёнилғиси (ЭКО ни қўшган ҳолда) нархининг давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинди. Нефтни қайта ишлаш корхоналарига ўз маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотишга рухсат берилди.