Нидерландиянинг Deltares мустақил тадқиқот маркази ходимлари ВВС радиосига берган интервьюсида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли «Дунё» ахборот агентлигининг Сардоба сув омбори тўғони ўпирилишига доир экспертлар айтган сабабларнинг фақат биттасини ёритганлигидан норозилигини билдирганлар.
«Дунё» хабар агентлиги нидерландиялик экспертларнинг Сардоба сув омборидаги тўғонни ўпирилиши бўйича чиқарган таҳлил хақида хабарни чоп этган ва «докладнинг муаллифларига кўра, ўпирилиш кўп ёққан ёмғир, шамол тўлқини ёки қувурларнинг ички емирилиши туфайли содир бўлган бўлиши мумкин» деб ёзади ва бу экспертларнинг ягона хулосасидек келтирилади.
Нидерландиялик мутахассислар тўғон лойиҳалаштириш ва қурилишидаги инсоний хатолар, керакли мониторинг олиб бормаслиги туфайли ҳам ўпирилган бўлиши мумкин, деган хулосаларини агентлик тушириб қолдирган.
Экспертлардан бири ВВСга ўзбек мулозимлари билан боғланиб, «Дунё» ахборот агентлигидан норози эканини айтганини билдирган.
«Ўзбекистондаги Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилишининг тезкор таҳлили» доклади Deltares маркази томонидан сунъий йўлдош ва қўлга киритилган жами маълумотларга асосланиб тайёрланган. Унинг муаллифлари— Санжай Гири, Геннадий Дончиц ва Марк Хегнауэр уларнинг тақдим этган материали илкламчи маълумот бўлиб, фожиа сабабини тўлиқ таҳлил қилиш учун дамбанинг таркиби, унинг қурилиши, ишлатилган қурилиш материаллари, инфратузилма ва бошқа омиллар зарурлигини таъкидлайдилар.
Нидерландиянинг Делфте ва Утрехте шаҳарларида фаолият юритувчи Делтерес мустақил тадқиқот маркази тупроқ ва сув ресурслари масалалари билан шуғулланади. Марказда 800 нафар мутахассис ишлайди ва дарё ҳавзалари, унга ёндош ҳудудлар муаммолари билан шуғулланади. Марказ Нидерландия ва хориждаги тадқиқот институтлари, корхоналар, давлатлар ҳукуматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми 1 май куни эрта тонгда ўпирилиб кетди. Натижада 50 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган, олтита одам ўлган, бир киши бедарак йўқолган. Сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 207-моддаси («Мансабга совуққонлик билан қараш») 1-қисми ва 258-моддаси («Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш») 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.