Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг фармони билан 13 май кунги йиғилишда анонс қилинган кичик бизнесни қўллаш бўйича чораларни тасдиқлади. Фармон ЎзА сайтида чоп этилган.
Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
Фармонда айтилишича, кичик тадбиркорлик субъектларига 2020 йил апрель-май ойлари учун тақдим этилган, мол-мулк ва ер солиғининг фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаларидан 1 январдан бошлаб 15 майгача бўлган муддатда ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобланган пеня ва жарималардан воз кечилади.
Бир йилдан кам бўлмаган даврда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктиришни қўллаш ҳуқуқи, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан бериладиган бўлди.
2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга (акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилади. Микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади.
2020 йил 1 июндан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони қўшимча 10 фоизга оширилади.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан қуйидаги фоиз харажатларини қоплашга компенсация бериш тарзида тадбиркорликни давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади:
-Тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган инвестициявий кредитлар бўйича, Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда кредит шартномаси амал қилишининг биринчи йили давомида;
-2020 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун миллий валютада 500 миллион сўмгача (49 500 АҚШ доллари) бериладиган кредитлар бўйича Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда кредит шартномаси амал қилиш муддати давомида 10 фоизлик пункт миқдорида.
Ушбу чоралар, дейилади ҳужжатда, коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб‑қувватлаш мақсадида қабул қилинган.
Ўзбекистон Марказий банки республикада фаолият юритаётган барча банкларга 1 октябрга қадар карантин тартиби жорий этилиши туфайли жабрланган жисмоний шахслар ва компанияларга кредит таътилларини тақдим этишни тавсия қилган эди.
Республикада пандемияга қарши кураш ҳамда аҳолини ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун Инқирозга қарши жамғармадан 3 триллион сўм (297 миллион АҚШ доллари) миқдорида пул маблағлари ажратилган.