Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг “антивирус” жамғармасига 375 миллион доллар ажратди

Imf.org сайти фотосурати

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) 18 май куни Ўзбекистонга коронавирус пандемиясининг республика иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш учун 375 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратиб берди. Бу ҳақда жамғарманинг сайтида хабар берилмоқда.

“Иқтисодий ўсишни секинлаштириб, ташқи молиявий молиялаштириш эҳтиёжини келтириб чиқараётган COVID-19 пандемияси Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмоқда, — дейилади ХВЖ матбуот релизида. – ХВЖ ва бошқа донорларнинг кўмаги юзага келаётган молиявий эҳтиёжларни қондириш имкониятини бериб, иқтисодиётни қўллаши ҳамда жабрланган уй хўжаликлари ва фирмаларга кўмак бериши мумкин”.

ХВЖ Директорлар кенгаши томонидан маъқулланган кредит таркибига муддати 10 йиллик (5 йиллик имтиёзли давр билан) қиймати 125 миллион АҚШ долларига тенг тезкор кредитлашнинг фоизсиз линияси (Rapid Credit Facility) ҳамда муддати 5 йиллик (3 йиллик имтиёзли давр билан) қиймати 250 миллион АҚШ долларига тенг йиллик 1,05 фоизлик устамали тезкор молиялаштириш воситаси (Rapid Financing Instrument) киритилган.

ХВЖ прогнозларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 1,5% миқдоригача секинлашади, бюджетдаги дефицит эса бизнесга имтиёзлар тақдим этиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига, уй хўжаликларини ва тадбиркорларни қўллашга сарфланадиган харажатлар натижасида 4 ЯИМгача кўтарилади.

Мазкур пул маблағлари Инқирозга қарши жамғармани тўлдиришга йўналтирилади, дейилади Ўзбекистон Молия вазирлигининг Telegram-каналида. Молия вазирлиги ушбу маблағларни фойдаланишда шаффофликни таъминлашга ваъда бермоқда. Ҳисоблаш палатаси мустақил аудит ўтказади ва унинг натижалари назорат йили тугаганидан сўнг олти ой давомида эълон қилинади.

Молия вазирлиги 16 май куни ўзининг сайтида чоп этган ҳисоботига кўра, Ўзбекистон давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига 2020 йилнинг биринчи чорагида 3 888,7 миллиард сўм ажратилан бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар (ёки 1 084,4 миллиард сўм) кўпроқ.

“Ажратилган маблағлар улуши давлат бюджети харажатининг 14 фоизини ташкил этади (2019 йилда – 11,6%). Шу жумладан, медикаментлар сотиб олишга 252,2 миллиард сўм (2019 йилда – 189,9 миллиард сўм) ажратилган. Бундан ташвари, йилнинг биринчи чорагида соғлиқни сақлаш соҳасига Молия вазирлиги қошидаги Инқирозга қарши жамғармаси маблағлари ҳисобидан 343,6 миллиард сўм йўналтирилди”, — дейилади ҳисоботда.

Бундан бир кун олдин эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кичик бизнесни қўллаш ва нафақа олувчи кўп болали оилалар сонини кўпайтиришга қаратилган фармонини имзолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ