Америка аҳолисининг 40 фоизи хитой товарларидан воз кечишга тайёрдир

Pixabay.com сайти фотосурати

Ҳар бир тўртинчи америкалик Хитойда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олишдан воз кечишини айтган. Бу ҳақда Bloomberg АҚШнинг FTC консалтинг компанияси томонидан олиб борилган сўров натижаларига таяниб хабар беради.

40% респондентлар хитой товарларини сотиб олмасликларини айтган. 55% – ХХР иқтисодий сиёсатига ишонмасликларини маълум қилган. Сўровда иштирок этганларнинг 78% – агар товар ишлаб чиқарадиган компаниялар Хитойдан Америкага қайта кўчириб келинса, товарлар учун кўпроқ нарх тўлашга рози эканини билдирган.

Сўров май ойининг ўртасида ўтказилган ва унда 1012 та одам иштирок этган. Deutsche Bank ахборот платформаси бўлмиш dbDig томонидан олиб борилган сўров ҳам шундай натижа берган.

2019 йили АҚШга олиб кирилаётган товарларнинг 18 фоизи хитойликларга тегишли бўлган. Жумладан, антибиотиклар, смартфон ва пойабзаллар импортининг асосий улуши Хитойга тегишлидир.

АҚШ ва Хитой ўртасида олиб борилаётган савдо урушлари, (Британиянинг Brunswick консалтинг компаниясининг ўтган йили хитойликлар ўртасида олиб борган сўрови ҳам шундай натижа берган ), шунингдек, коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ хабарлар оқибатида истеъмолчиларда шундай кайфият шаклланган.

Айбловлар негизини Ухань лабораториясидан бехосдан вируснинг ташқарига чиқиб кетиши ёки вирус тарқалишининг дастлабки пайти атайин сир тутилгани билан боғлиқ таҳминлар ташкил этади. Бундай норозиликлар аввали норасмий характерга эга бўлган бўлса, кейинчалик улар АҚШ ва бошқа давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ўнлаб мамлакатлар (18 май ҳолатига кўра юздан ортиқ давлатлар) коронавирус тарқалишига доир халқаро текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.

Хитой ўз навбатида вирусга доир барча айбловларни инкор қилмоқда.

Pew Research Center маълумотларига кўра, АҚШда хитойликларга нисбатан салбий кайфият кенг тарқалган. Ҳозирда америкаликларнинг учдан бири коронавирус пандемиясида айнан хитойликларни айблайди. Сўровда иштирок этган одамларнинг олтмиш фоизга яқини Хитойни Америка учун хавфли давлат деб билади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ