Алишер Усманов энг бой британияликлар рейтингида еттинчи ўринга кўтарилди

Алишер Усманов . Youtube каналидан олинган кадр

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усманов Sunday Times нашри томонидан тузилган Буюк Британиянинг энг бой одамлари рейтингида бир поғонага кўтарилди. Ўтган йили бундай рейтингда Усманов саккизинчи ўринни эгаллаган бўлса, ҳозир еттинчи ўринга кўтарилган.

Sunday Times маълумотига кўра, Усмановнинг активлари 2020 йилга келиб 11,68 миллиард фунт стерлингга етган (14,16 миллиард АҚШ доллари). Биринчи йигирматаликка икки нафар россиялик бизнесменлар ҳам киритилган: “Албфа-Групп” кузатув кенгашининг раиси Михаил Фридман (10,23 миллиард фунт стерлинг ёки 12,4 миллиард АҚШ доллари) 11-ўринга чиқиб, Millhouse инвестициявий компаниясининг асосий эгаси бўлмиш Роман Абрамовичдан (10,16 миллиард фунт стерлинг ёки 12,31 миллиард АҚШ доллари) бир поғонага ўзиб кетган.

Forbes журнали апрель ойида тақдим этган Россиянинг энг бой одамлари рейтингида ҳам бизнесменлар худди шундай кетма-кетликда жойлашдилар. Нашр Усмановнинг мулкини 13,4 миллиард АҚШ долларига, Фридманникини – 13 миллиард АҚШ долларига ва Абрамовичникини 11,3 миллиард АҚШ долларига баҳолаган.

Алишер Усманов — USM Holdings компаниясининг асосий акциядори саналади. Унинг активлар портфелида “Металлоинвест”, Mail.ru Group, “Мегафон”, “ЮТВ Холдинг” ва “СТС Медиа” каби компаниялар ўрин олган. Усманов Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши кураш олиб бориш учун Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган юқумли касалликлар шифохонасини замонавий медицина воситалари билан жиҳозлашга 20 миллион АҚШ доллари ажратиб берди. Бундан ташқари, тадбиркор Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқинидан жабрланган ўзбекистонлик ва қозоғистонликларга 15 миллион АҚШ доллари миқдорида хайрия ёрдами кўрсатди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ